Ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг жамоат жойида ўзаро уришиб, жанжаллашгани акс этган хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолатлар учун қонунчиликда қандай жавобгарлик бор? АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева саволларга жавоб қайтарди:
«Қонунчиликка кўра, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик мазкур ҳолатларни содир этиш безорилик ҳисобланди.
Ушбу қилмишни содир этиш шахсларга жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга сабаб бўлади.
Агарда безорилик ҳаракати натижасида бошқа оғир оқибатлар келиб чиқса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».