АсосийЖАМИЯТ

“QuWatt” АИ-95 автобензинининг "қуввати" нимадалиги, бензин ва дизель нархлари ҳақида "қайноқ" маълумотлар

Бироз аввал Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қилган пресс-туримиз давомида заводнинг хав...

'“QuWatt” АИ-95 автобензинининг "қуввати" нимадалиги, бензин ва дизель нархлари ҳақида "қайноқ" маълумотлар'ning rasmi

Бироз аввал Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қилган пресс-туримиз давомида заводнинг хавфсизлик даражаси ҳақида роса мақтаб-мақтаб ёзган эдик. Яна эътиборли жиҳатларидан бири бу ерда ишлаб чиқарилаётган “QuWatt” АИ-95 русумли автобензини бўлди. "Бензин қиммат, сифати паст" деган гапларни кўп айтамиз-эшитамиз. Сифат юқорилагач, нарх ҳам шунга мутаносиб равишда кўтарилишини ҳисобга олсак, арзон ёқилғи ҳариди чўнтакка ёққани билан автомобилимиз двигатели учун ёқимли "оби ҳаёт" бўлмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Ё унисига, ё бунисига кўнишимизга тўғри келади. Сифатли (ва айни вақтда қиммат) маҳсулот дея таъриф этилаётган мазкур бренд афзалликлари нимада?

Бахтиёр МУСТАФОЕВ, бош муҳандис: 

— Ўз навбатида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида Германиянинг "BASFSЕ" компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилиб, заводда “QuWatt” бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу автобензиннинг афзалликлари қуйидагича: 

– двигателларда тозаликни сақлашнинг мукаммал таъсирига эришиш имконини беради; 

– клапанлардаги ҳосил бўладиган қатлам миқдорини 4 мг/клапан қийматидан ошмаслигини таъминлайди;

– двигатель клапанларини қатламлардан юқори даражада, яъни 80% гача тозалаш имконини беради;

– автомобиль двигатели қувватини оширади ҳамда ёқилғини 3% гача тежалишига эришилади;

– қиш мавсумида двигателнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди;

– двигатель ёнилғиси тизимида, шунингдек, бензинни ташиш ва сақлаш жараёнларида коррозияга йўл қўймайди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг биринчи ўн кунлигининг ўзидаёқ 480 тонна “QuWatt” бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқарилди ва республика товар хомашё биржаси орқали сотувга қўйила бошланди. Хозирда мазкур бренд республикамизнинг барча «заправка»ларини қамраб ололганича йўқ. Уларнинг ҳаридорлари эса кўпгина ҳолларда «иномарка»лар эгалари бўлиб турибди. Чунки уларнинг бошқарувидаги автомобиллар двигателлари айнан шундай турдаги (АИ-95) автобензин истеъмоли учун мослашган.

Биржада нима гап?

“Ўзбекнефтгаз” АЖ “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган бензин ва дизель ёқилғисининг биржа савдоларидаги нархлари рўйхатини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи томонидан автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси биржа савдоларига жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда шаклланган бошланғич нархларда қўйиб борилади. 26 апрель – 30 апрель 1 баррель Brent нефтининг ўртача котировкаси – 66,5 долларни, бунда минимал кўрсаткич – 65,6 долларни, максимал кўрсаткич – 68,2 долларни ташкил этганлиги ҳисобига Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйилган автомобиль бензини ва дизель ёқилғисининг шаклланган бошланғич нархлари (1 тоннаси учун) қуйидагиларни ташкил этди:

Автомобиль бензини:

• Аи-80 маркали – ўртача 6 495,7 минг сўм (минимал – 6 454,9 минг сўм, максимал – 6 522,9 минг сўм);

• Аи-91 маркали – ўртача 7 508,2 минг сўм (минимал – 7 474,4 минг сўм, максимал – 7 564,5 минг сўм);

• Аи-92 маркали – ўртача 7 649,4 минг сўм (минимал – 7 613,0 минг сўм, максимал – 7 709,7 минг сўм);

• Аи-95 маркали – ўртача 8 640,9 минг сўм (минимал – 8 591,9 минг сўм, максимал – 8 721,1 минг сўм);

Дизель ёқилғиси (бу ҳақида ҳам алоҳида маълумот берамиз):

• ЭКО маркали – ўртача 8 940,2 минг сўм (минимал – 8 919,1 минг сўм, максимал – 8 978,7 минг сўм);

• Евро-4 маркали – ўртача 9 111,5 минг сўм (минимал – 9 092,2 минг сўм, максимал – 9 140,9 минг сўм);

• Евро-5 маркали – ўртача 9 285,7 минг сўм (минимал – 9 263,4 минг сўм, максимал – 9 326,4 минг сўм).

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар