Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги топшириғига мувофиқ тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли худудга айлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ОАВ учун брифинг ташкил қилинди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов 2021 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар якунлари юзасидан ахборот беришди.

Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси: — Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасига асосан, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар билан боғлиқ ишлар, Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари судловига тааллуқли ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил 3 ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 452 та иш кўриб тамомланган. Шундан, 245 таси қаноатлантирилган (119 таси рад қилинган, 58 таси иш юритишдан тугатилган, 30 таси кўрмасдан қолдирилган).

2021 йилнинг 3 ойи давомида қуйидаги маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, билан боғлиқ ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:
- Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 176 та иш кўрилган. Шундан, 161 таси қаноатлантирилган, 6 таси рад қилинган, 6 таси кўрмасдан қолдирилган, 3 таси иш юритишдан тугатилган;
- Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 106 та иш кўрилган. Шундан, 37 таси қаноатлантирилган, 46 таси рад қилинган, 13 таси кўрмасдан қолдирилган, 10 таси иш юритишдан тугатилган (Ер участкаларини олиб қўйиш, компенсация);
- Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 46 та иш кўрилган. Шундан, 15 таси қаноатлантирилган, 13 таси рад қилинган, 18 таси иш юритишдан тугатилган (ДСИ билан 2 марта учрашув ўтказилди, НДС масаласи);
- Адлия органлари (нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 11 та иш кўрилган. Шундан, 7 таси қаноатлантирилган, 3 таси рад қилинган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган.

Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ жами 434 та илтимоснома кўрилган бўлиб, шундан 414 та илтимоснома қаноатлантирилган, 20 та илтимоснома рад этилган.
Бугунги кунда мазкур тоифа ишлари тасдиқланган ички жадвал асосида судьялар томонидан Реабилитация марказида махсус жиҳозланган хонада сайёр кўрилмоқда.
2021 йил 3 ойи давомида апелляция инстанциясида жами 149 та оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чикадиган ишлар кўрилган. Шундан, 92 та иш ўзгаришсиз қолдирилган, 8 та иш ўзгартирилган, 44 та иш бекор қилинган, 5 та иш юритишдан тугатилган.

Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилган.
Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан жами 63 та хусусий ажрим чиқарилган. Шундан, 5 таси тегишли ташкилотларда муҳокама қилиниб, судларга жавоблари берилган бўлиб, қолган 58 тасининг жавоблари берилмаган (булар бўйича тегишли эслатма хатлар юборилган).
МАСАЛАН: Жорий йилнинг 12 мартида Тошкент туманлараро маъмурий суди томонидан аризачи “QURILISH MATERIALLARI KOMBINATI” МЧЖнинг жавобгар Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимлиги мансабдор шаҳсларининг хатти-ҳарактлари устидан берган шикоят аризаси иш ҳужжатлари билан бирга очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимлиги мансабдор шахси Ш.Т. томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, ижро қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилган. Бироқ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 12 март куни чиқарилган хусусий ажримига Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 174-моддасига асосан бир ойлик муддатда судга хабар қилиниши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигига суд томонидан тегишли ЭСЛАТМА хатлари юборилганлигига қарамасдан хозирги кунгача жавоб хати берилмаган.

2021 йил 3 ойи давомида Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига жами 118 та мурожаатлар келиб тушган. 10 таси ёки 1% мурожаатлар тегишлилиги, 4 таси ёки 0,4 % мурожаат тааллуқлиги бўйича юборилган. Шундан, 98 та ёки 83% мурожаатлар ўрганиб жавоб берилган.
Шундан, 38 таси ёки 3,8% ижобий ҳал қилинган, 59 таси ёки 6 % қонуний ҳуқуқлари тушунтирилган, 1 таси ёки 0,1 % рад этилган.

Келиб тушган ҳар бир мурожаатни ҳисобга олиш, унинг ҳаракати ва белгиланган муддатида кўриб чиқилиши устидан назорат кучайтирилган.
Суд тизимига қуйилган асосий вазифа – бу қонунийликни ўрнатиш ва ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг судларга бўлган ишончини оширишдан иборат.






