Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида чет тилларини ўрганишнинг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Мамлакатамизнинг турли ҳудудларидаги чет тилларини ўрганиш сифати сўнгги йилларда яхшиланган бўлса-да, ҳамон қониқарсиз аҳволдалиги танқидий муҳокама қилинмоқда, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
“Очиқлик сиёсатимиз, дунё бозорига фаол кириб бораётганимиз ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгайиши, ушбу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт”, - деди Президент сўз аввалида.
Йиғилишда келтиилишича, бугунги кунда:
- 25 та олийгоҳда ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда (2016 йилда – 7 та);
- Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сўнгги 3 йилда 10 бараварга ошди (700 нафардан 7 минг нафарга);
- 60 минг нафар ўқувчиларимиз етакчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда (2016 йилга нисбатан 12 баравар кўп);
Шунингдек, жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 350 нафар ёшларимизнинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўп, дегани.
“Лекин қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол, олдимизга қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмас”, - деди давлат раҳбари.
Бугунги кунда таълим тизимида:
- 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчилари лавозими вакант бўлиб қолмоқда;
- 1 минг 400 та мактабда чет тили ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз аҳволда (Бу кўрсаткич Қашқадарёда – 380 та, Самарқандда – 287 та, Жиззахда – 140 та, Тошкент вилоятида – 120 та, Сурхондарёда – 90 тани та);
- Мактабларда ишлаётган жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эга (Мисол учун, 18 та туман ва шаҳарда, жумладан Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узунда бирорта ўқитувчи сертификат олмаган.);
- Жами 11 минг нафар мактаб чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган (Қашқадарёда – 55 фоиз, Жиззахда – 53 фоиз, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда – 52 фоиз).