Миллий матбуот марказида юртимизда санитария-эпидемиология ҳолати барқарорлигини таъминлаш, аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари, санитария-эпидемиология хизматлари, юқумли касалликлар шифохоналари олимлари ва шифокорлар, мутахассислар иштирок этди.
Санитария-эпидемиология муассасалари илғор тиббий жиҳозлар ва лаборатория таҳлил воситалари билан таъминланган. Мамлакатимизнинг миллий эмлаш тақвимига ўн икки турдаги вакцина киритилган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва унинг сифатини назорат қилиш бўйича мониторинг тизими яратилган.
Гепатит касаллигининг олдини олиш ва бундай хасталикларни аниқлаш ва даволаш ишлари йилдан-йилга яхшиланмоқда. Соҳага янги лаборатория таҳлил усуллари татбиқ этилгани инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётир.
Мамлакатимизда узвийлик билан амалга оширилаётган ана шундай изчил тиббий-ижтимоий лойиҳалар натижасида дифтерия, қоқшол, қизамиқ, қизилча каби юқумли касалликлар бутунлай бартараф этилди. Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Полиомиелитдан холи ҳудуд» сертификатини 1995 йилдан буён муваффақиятли ҳимоя этиб келмоқда. Дунёнинг турли ҳудудларида юқумли касалликлар бўйича вазият мураккаблашаётганига қарамай, юртимизда бу борада эпидемиологик барқарорлик таъминланмоқда.
Матбуот анжуманида юртимизда амалга оширилаётган санитария-эпидемиология чора-тадбирлари ва истиқболдаги вазифаларга оид маърузалар тингланди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.