Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Бошингизни нималар оғритяпти?

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:
Добавлено: 03.03.2016, 15:13

«Унинг боши ёрилай деганда....» эътиборни жалб қилувчи оғриқсизлантирувчи препаратлар рекламаси шу қадар оммалашганки, бош оғриғи каби жиддий безовталик оддий сўзга айланиб қолгандай. Ваҳоланки, айнан бош соҳасида юзага келувчи оғриқ жиддий хасталиклардан дарак бериши мумкин. Бироқ буни кўпчилик билмайди. Хўш, сиз бош оғриғини тушунасизми? Қон босимининг ошиши билан асабийлашиш таъсирида келиб чиқадиганини-чи, фарқлай оласизми? Бугун шу ҳақида суҳбатлашамиз. 

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор невролог Наргиза МАЛВЯНОВА маълумот беради. 

ШАМОЛЛАГАНДА...

Тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, тумов ва йўтал билан кузатилаётган гриппда бош оғриғи асосан чакка ва энса соҳасида бўлади. Бу ҳолатда касаллик муолажасига диққат қилинса, бош оғриғи ҳам енгиллашади. 

ЎТКИР ИНФЕКЦИОН КАСАЛЛИКЛАРДА...

Перетонит, энтерит, гайморит ҳам бош оғриқлари билан кузатилиши мумкин. Гарчи касаллик қўзғатувчи инфекция таъсирида тана ҳарорати кўтарилиши керак бўлсада, айрим ҳолларда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Шу боис чакка, қош усти ва кўз атрофи бўйлаб хуруж қилаётган оғриқ жиддий эмасдек туюлади. Аслида эса яллиғланиш жараёни қанча эрта аниқланса, асоратларнинг олдини олиш мумкин.

ҚОН БОСИМИГА БОҒЛИҚЛИГИ....

Қон босимининг кўтарилиши энса ва бошнинг орқа тарафида оғриқ қўзғалиши билан кузатилади. Оғриқ харатери баъзан кескин баъзида эса ҳудди бошингизни кимдир сиқаётгандек бўлади. Қон босимининг кескин ошиши асабийлашиш, айрим маҳсулотлар ёки гипертонияга мойиллик бўлганида юз бериши мумкин. 
Қон босимининг тушиб кетишида эса бош соҳасидаги лўқиллаган оғриқ, давомли бўлиб, асосан пешонада кузатилади. Бу ҳолат уйқусизлик, зўриқиш ёки айрим препаратлар таъсирида ҳам келиб чиқади. 

МИГРЕНЬ БЎЛСА...

Мигрень хуружини фарқлаш қийин эмас. У асосан бошнинг бир қисми (ўнг ёки чап) да  юзага келади ҳамда кескин оғриқ билан номоён бўлади. Тиббиётда инжиқ хасталик номини олган мигрень, ҳаво ҳароратининг ўзгариши, шовқин, ёруғлик нури, зўриқиш,асабийлашиш, кам ухлаш ва.ҳ омиллар сабаб пайдо бўлади. Хасталик хуружида бош оғриғидан ташқари кўнгил айниши, бош айланаши баъзан кўз олдининг қоронғилашиши ҳам кузатилиши мумкин. 

ИНСУЛЬТ ХАВФ СОЛГАНИДА...

Кутилмаганда кескин оғриқ билан юзага келувчи безовталик, ўткир, зўраювчан ва бошнинг бир қисмида содир бўлади. Кўп ҳолларда кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушсизланиш, мувозанатнинг бузилиши, талваса хуружлари билан ҳам кузатилиши мумкин. Бу каби ўзгаришларда зудлик билан шифокорга мурожаат этиш ёки тез ёрдам хизмати билан боғланиш  даркор. 

ЗЎРИҚИШ ҲОЛАТИДА...

Бошдаги оғриқ давомли, бутун калла бўйлаб тарқалувчи, чўзилувчан ва оғриқсизлантирувчи препаратларга  «таслим» бўлмайдиган хилидан бўлади. Асосан жисмоний ва ақлий толиқиш, уйқусизлик, сурункали чарчоқ ҳамда комьютер қаршисида узоқ муддат ўтириш сабаб ҳам юзага келади. Безовталикни енгиллаштириш учун организмнинг меъёрий ҳолатини тиклаш зарур. Йўқса хуружлар қайталанаверади. 

ЖАРОҲАТЛАР...

Бош чайқалиши, турли ташқи жароҳатлар асорати ҳаво босимининг ўзгариши ҳисобига оғриқ бериши мумкин. Бунда бошдаги оғриқ қисқа муддатли аммо ўткир бўлади. Шунингдек, бош мия фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар, умуртқа поғонаси хасталиклари туфайли ҳам оғриқ келиб чиқади. 

ШУНИНГДЕК...

Узоқ вақт оч юриш (парҳезлар), организмнинг сувсизланиши, витамин ва микроэлементларнинг етишмаслиги, камҳаракатлилик, айрим дори воситалари ҳам бошдаги оғриққа сабаб бўлади. Тиббиётда аллақачон исботланган омиллардан яна бири асабийлик. Айнан тез-тез асабийлашадиган инсонларда бош оғриқлари кўп кузатилади.

СИЗНИНГ ҲАРАКАТИНГИЗ...

Одатда барча муаммонинг ечимини биргина оғриқсизлантирувчи дори воситаси билан ҳал қиламиз. Аммо оғриқ «тили» ни тушунмай муолажани бошлаш нотўғри. Айтайлик, сизда мия қон томирлари ўтказувчанлигининг бузилиши оқибатида безовталик келиб чиққан. Хуруж сабабини билмай шунчаки оғриқсизлантирувчи препарат қабул қиласиз. Ваҳоланки, бу ҳолатда қон айланишини яхшиловчи усулга мурожаат этиш керак эди. Ёки қон босимингиз ошгану сиз эса яна оғриқсизлантирувчи дори ичаяпсиз. Қон босими меъёрлашмагунича аҳволингиз ўнгланмайди. Натижада дори кетидан дори ичаверасиз. Охийри томирдан инекция юборишгача борилади. 

ЁДДА ТУТИНГ!

Тез-тез такрорланаётган бош оғриқларида кучли таъсирга эга воситаларни давомли қабул қилиш тавсия этилмайди. Бу нафақат мия фаолияти балки жигар синтезига ҳам зарардир. Қолаверса, мунтазам оғриқсизлантирувчи воситаларни қабул қилиш, организмнинг курашувчанлик хусусиятини сустлаштириши ёҳуд ўрганиш ҳиссини келтириб чиқариши мумкин.
 
КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛИНАДИ?

Бир ҳафтада 3-4 марта қайталанувчи бош оғриғи шифокорга мурожаат қилиш учун етарли асосдир. Бунда сиз невролог мутахассисга учрашишингиз керак. Унинг кўригида безовталик турига кўра, қон босими даражаси, юрак уриш мароми, комьютер томография усуллари бажарилади. Таҳлил хулосаси безовталик нима сабабдан келиб чиқаётганини кўрсатгач, муолажани бошлаш мумкин. Бош оғриғига сабаб бўлаётган хасталик ҳолати ва даражасига кўра даволаш турли муддатларгача олиб борилади. этади.  

ХУРУЖ ВАҚТИ МУМКИН ЭМАС!

  • Спиртли ичимлик ичиш, тамаки чекиш;
  • Пешонага муз бўлаклари солинган сочиқ қўйиш;
  • Бошни рўмолча билан сиқиб боғлаш;
  • Битта дори воситаси таъсир қилмаса, кетидан иккинчисини қабул қилиш.
Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа