АсосийJinoyat

Синглисини йўқ қилиш учун қотил ёллаган аёлга нисбатан ҳукм ўқилди

'Синглисини йўқ қилиш учун қотил ёллаган аёлга нисбатан ҳукм ўқилди'ning rasmi

Дунёда бир-бирига опа-сингилдек яқин зот бўлмаса керак. Чунки бирга ўтириб қолганда гаплашиб гапи тугамайдиган, бошқаларга айтолмайдиган сир-асрорларини бир-бири билан бўлишадиган опа-сингиллар эмасми, ахир? Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳамма туғишганлар ҳам биз ўйлаганчалик меҳр-оқибатли эмас экан...

Келишмовчиликлар юзага келади

Ражабова Ҳалима (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг туғишган синглиси Ражабова Гулсара билан биргаликда, умумий хўжалик асосида яшаб келишган. Кейинги вақтларда уларнинг ўртасида шахсий ҳаётга тааллуқли низолар ва ўзаро келишмовчиликлар юзага келади. Синглисининг ғиди-бидиси жонига теккан Ражабова Ҳалима муаммонинг ечимини синглисини қасддан ўлдириш, деб ҳисоблайди. У жиноий мақсадини амалга ошириш учун режа тузиб, қотилликни 5.000 АҚШ доллари эвазига, муқаддам қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан таниши Холида Сафарова орқали амалга оширмоқчи бўлади.

“Синглимдан қутулиш йўлларини қидирдим...”

Судланувчи Ражабова Ҳалима суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:

–Синглим Ражабова Гулсара билан 2019 йилга қадар иноқ яшадик, топганимиз ўртада, сеники-меники, деган гап йўқ эди. 2010 йилда синглим Намангандан менинг олдимга, Тошкентга келди. У билан биргаликда ишлаб, жамғарган пулимизга 2012 йилда Юнусобод туманидан хонадон сотиб олдик. Шу ерда мен, қизим ва Гулсара бирга яшай бошладик. Биз “Абу Сахий” бозорида совун ва хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланардик. 2018 йилнинг ёз ойларида Юнусобод туманида яшовчи Зоир исмли шахс билан танишиб қолдим. Зоир ўзининг автомашинасида менга ва синглимга тегишли юкларни айтилган жойдан олиб келар ва бозорга етказиб берар, шу орқали тирикчилик қиларди. Бора-бора Зоир билан ўртамиздаги муносабатлар чуқурлашиб, яқин инсонларга айландик. Менинг бу ишим Гулсарага ёқмади. У мендан ҳам, Зоирдан ҳам учрашмасликни талаб қилиб, жанжал кўтарди. Мен унинг гапларига эътибор бермай, ўз билганимдан қолмадим. Бу Гулсаранинг баттар жаҳлини чиқарди. У шахсий ҳаётимга аралашиб, мени камситадиган, шахсиятимга тегадиган ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлайдиган бўлди. Шу орада бачадонимда пайдо бўлган миомани олдириб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Шифохонадан чиққанимдан кейин ҳам Гулсара билан орамизда каттагина жанжал бўлиб ўтди. Шундан кейин ундан қутулиш чораларини излай бошладим. Холида Сафаровадан 5.000 АҚШ доллари эвазига синглим Ражабова Гулсарани ўлдириб, жасадини йўқотиб беришни илтимос қилдим...

Режа амалга ошмади

Ражабова Ҳалима 2020 йилнинг 30 май куни Юнусобод тумани ҳудудида Холида Сафарова билан учрашиб, унга 5.000 АҚШ доллари эвазига синглиси Ражабова Гулсарани қасддан ўлдириш ва унинг жасадини йўқотиб бериш таклифини беради. Холида Сафарова содир этиш учун таклиф этилаётган бу жиноятнинг оқибати жуда оғир ва мушкул эканлигини айтганида, Ражабова Ҳалима ундан ушбу қотилликни амалга оширишда бошқа шахсни топиб беришни илтимос қилади. Холида Сафарова билдирилган таклифни ўйлаб, натижасини  эртага айтишини маълум қилади. Сўнг бу ҳақда таниши Вазира Эгамовага айтади. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, Ражабова Гулсаранинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, Ражабова Ҳалима томонидан режалаштирилаётган жиноий ҳаракат ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, Юнусобод туман ИИО ФМБ раҳбарияти номига ариза билан мурожаат қилишади.

“У бегонага айланди...”

Судда жабрланувчи сифатида сўралган Гулсара Ражабова қуйидагиларни билдирди:

- Судланувчи Ражабова Ҳалима туғишган опам бўлади. Шу пайтгача иккаламиз бир уйда аҳил ва иноқ яшаб келаётгандик. Опам Зоир билан танишиб, учрашишни бошлаганидан кейин батамом ўзгарди. У бизга бегона одамга айланди. Оилали эркак билан учрашиб юриши, уйга келмай қолиши менга ёқмади. Унга бўй етган қизи борлигини, бу иши нотўғрилигини тушунтирмоқчи бўлдим. Зоирга ҳам бу ҳақда гапирдим. Аммо улар ўз билганларидан қолишмади. Менинг бор айбим шу... Айни кунда опам Ражабова Ҳалимани кечирдим, унга нисбатан даъвом йўқ. Жазо тайинлашда опамга енгиллик беришларингизни сўрайман.

Жазо тайинланди

Ражабова Ҳалима ЖК 25,97-моддасининг 1-қисми билан жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан ЖК 25,97-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Фотима Исмаилова, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раиси в.б.,

 Лола Шоимова, журналист

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар