Айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Давлат раҳбари агар ҳокимлар қўшимча маблағ ажратиб, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда шароитни яхшиласа, малакали шифокорларни кўпайтирса, аҳолининг 70 фоиз муаммолари жойида ҳал бўлишини айтди. Бу ҳақда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар қилмоқда.
Бунга шундай келтирилди:
Китоб туманида хатлов натижасига кўра, бир ой ичида учинчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб (сурункали касаллиги бўлган) 20 турдан ортиқ касалликлар бўйича, 1,5 минг нафар беморларга жойида керакли ёрдам кўрсатилгани боис, вилоят ва республика шифохоналарига мурожаат 2 бараварга камайган.
Аксинча...
20 та туманда тиббиёт бирлашмаларининг ишлари эса етарли даражада ташкил этилмаган. Улар:
Қоровулбозор, Чироқчи, Қамаши, Қўнғирот, Чимбой, Марҳамат, Жалақудуқ, Зарбдор, Мингбулоқ, Поп, Оқдарё, Сайхунобод, Ангор, Пскент, Юқоричирчиқ, Ёзёвон, Учкўприк, Янгиариқ, Хива, Сергели туманлари.
Шунингдек, йиғилишда келтирилишича, бугунги кунда 250 дан зиёд касалликларнинг 87 тасини (юқори қон босими, ошқозон-ичак, нафас йўллари сурункали касалликлари, камқонлик каби) бирламчи бўғинда даволаш, бунинг учун 20 турдаги лаборатория ва диагностика текширувларини ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд. Бунинг учун, бирламчи бўғинни малакали кадрлар билан ҳамда шошилинч ёрдам учун зарур 50 турдаги дори ва 16 турдаги тиббиёт воситалари билан таъминлаш керак бўлади.
1 июлдан бошлаб...
Жорий йил 1 июлдан бошлаб, сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бунда биринчи босқичда Сирдарё вилоятида оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали, эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган юрак ва қон-томир касалликларини даволаш учун аҳоли дори воситалари билан бепул таъминланади.
Ҳисоб-китобларга кўра
Йил якунига қадар Сирдарёда ушбу касалликларни 10 фоизга камайтиришга эришилганда ҳам, биргина шошилинч ёрдам учун сарфланаётган 500 миллион сўм бюджет маблағлари тежалади. Ушбу тежалган маблағларни келгусида сурункали нафас ва ошқозон-ичак касалликларини бирламчи бўғинда даволашга йўналтириш имкони пайдо бўлади.






