Сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони илгари ҳам Жиноят кодексининг бир қанча моддаларига асосан судланиб, жазога тортилган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармади. Қайтага қотиллик жиноятини содир этиб, бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Мудҳиш жиноятнинг асосий сабабчиси эса спиртли ичимлик бўлди...
Ҳодиса жойидан яширинди
Даврон Бобоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида яшовчи шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Гулбаҳор Хуррамованинг уйида биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Маст ҳолда келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, Гулбаҳор Хуррамовани тахтадан ясалган ўқлов билан калтаклайди. Аёл етказилган оғир тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этади. Даврон Бобоев эса ҳодиса жойидан яширинади.
“Телефонда нотаниш эркак билан гаплашаётган экан...”
Суд мажлисида судланувчи Даврон Бобоев унга эълон қилинган айбга тўлиқ иқрорлигини билдириб, қуйидагиларни баён қилди:
- Гулбаҳор Хуррамова танишиб, гаплашиб юрдик. Кейинчалик 2019 йилнинг 19 август кунидан бошлаб, шаръий никоҳ асосида Яшнобод туманидаги хонадонида бирга яшай бошладик. У спиртли ичимлик истеъмол қиларди. Эрталаб уйқудан уйғондик, Гулбаҳор нонушта тайёрлади, у билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилдик. Кейин мен рўзғорга керакли нарсаларни олиб келиш учун бозорга кетдим. Келганимда Гулбаҳор меҳмонхонадаги диванда ўтирганча телефонда нотаниш эркак билан гаплашаётган экан. У менинг қайтганимни кўрмай, бегона эркакка “Эрим уйда йўқ, бозорга кетган”, деди. Бу гапни эшитиб, жаҳлим чиқди. Унинг олдига бориб, телефонини беришни сўрадим. У рад жавобини бергач, телефонни тортиб олдим. Гулбаҳор гаплашган одамга қайтиб қўнғироқ қилгандим, гўшакни кўтармади. Бундан жаҳлим чиқиб, телефонни диванга ирғитдим. Кейин Гулбаҳорнинг юзига шапалоқ тортдим. Урганимга хотинимнинг жаҳли чиқиб, куракда турмайдиган сўзлар билан хақоратлади. Бу пайтда бизни Гулбаҳорнинг ўғли кузатиб турганди. Мен ундан чиқиб кетишни сўрадим. Хотиним ўзига келгач, ошхонага чиқиб, ёғочдан ясалган ўқловни кўтариб келди. У мени ўқлов билан урмоқчи бўлганда чап бериб, қўлидан ўқловни тортиб олдим. Кейин шу ўқлов билан уни тўрт-беш маротаба урдим. Гулбаҳор ҳушидан кетиб қолди. Деразадан қараб, ўғлини чақирдим, унга сув олиб келишни буюрдим. Олиб келган сувини Гулбаҳорнинг юзига сепиб, ўзига келтирдим. Кейин яна спиртли ичимлик истеъмол қилиб, диванга чўзилдим. Бироз ухлаганимдан кейин Гулбаҳорнинг кўзини очмай ётганини кўриб, ўзига келтирмоқчи бўлдим. Аммо бу пайтда унинг танаси музлаб, тош қотганини кўриб, вафот этганлигини билдим. Ҳозирда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Хотинимни уриб, тан жароҳати етказиш, уни ўлдириш ниятим бўлмаган. Агар ўлдириш ниятим бўлганида пичоқ билан тан жароҳати етказишим мумкин эди. Шуларни ҳисобга олиб, менга енгилроқ жазо беришингизни сўрайман.
“У бизни етим қолдирди...”
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили бўлган ўғли Суҳроб Хуррамов қуйидагиларни маълум қилди:
- Гулбаҳор Хуррамова онам бўлади. Ота-онам ажрашиб кетишган. Оилада уч фарзандмиз. Опам турмушга чиқиб кетган.Укам ва синглим бор. Онам бизни ёлғиз вояга етказди. У илгари тадбиркорлик билан шуғулланарди, охирги пайтларда ҳеч қаерда ишламайдиган, спиртли ичимликка ружу қўйган аёлга айланди. 2019 йилнинг август ойидан бошлаб, Даврон Бобоев бизникида яшай бошлади. Улар биргаликда мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилишарди. Ўша куни эрталаб ўқишга кетаётганимда онам соппа-соғ эди. Қайтиб келганимда эса уйда ички ишлар ходимлари юрганини кўрдим. Даврон Бобоев онамнинг маъракаларида ёрдам бермади. У бизни етим қолдиргани, онамни уриб ўлдиргани учун энг оғир жазо тайинлашингизни сўрайман.
Ҳукм ўқилди
Судланувчи Даврон Бобоев Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «б, д» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди.Унга Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «б, д» бандлари билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.
Анвар Икромов, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист