my5
Sevimli

ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Коронавирусга қарши курашган ҳамшира ҳар бир ўтган кунини кундалигига ёзиб борди

МУТОЛАА 25.06.2020, 22:33
ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Коронавирусга қарши курашган ҳамшира ҳар бир ўтган кунини кундалигига ёзиб борди

Шу пайтда кундаликлар муаллифи эртаси куни нимадир ўзгарса ҳам, ёмон тарафга ўзгаришини билмас эди...

(1-қисм)

Яқинда интернет тармоқларида Италияда коронавирусга чалинган оғир беморлар ҳаёти учун курашган итальян ҳамширасининг кундаликлари эълон қилинди. У асл келиб чиқиши россиялик бўлиб, волонтёр сифатида Апениндаги пандемиянинг қоқ ўчоғи Брешия шаҳрига йўл олган инсон. Оқ либос эгаси тождор ёвга қарши кечган шафқатсиз урушда ўтказган ҳар бир кунини қоғозга тушириб борар экан.

Якунда эса ҳам ҳужжатли, ҳам ҳаётий, ҳам таъсирли сюжетлар ҳосил бўлган. Ҳамшира ниҳоятда содда тилда инсониятнинг бугунги ҳалокати, кўринмас ёвга қарши муросасиз кураш онлари ҳақида ҳикоя қилади. Кундалик саҳифаларида акс этган воқеаларни сизларга ҳам ҳавола этмоқчимиз.

Биринчи кун

Фанодан соат 8:45да чиқиб, Кьярига 12:30да етиб келдим. Йўлда бирор марта ҳеч ким тўхтатмади. Йўлларда енгил машиналар анча сийраклашиб қолган, юк машиналари эса кўп. Лекин улар менинг полосамга ўтишмади, манзилга хотиржам етиб олдим.

Черков яқинидаги квартирага жойлаштиришди. Бу ерда шифохонагача деярли бир чақиримлик йўл экан. Фақат “Тез ёрдам” машинарининг тинимсиз “увиллаши” тинчликни бузади. Бугун ҳужжат билан боғлиқ барча ишларни битириб олдим: шартнома, тиббий кўрик, қон топшириш, махсус либослар ва оёқ кийимлари олиш.

Эртага жангга! Ҳозирча битта қўшним бор: 35 ёшли ҳамкасбим. У жонлантириш бўлимида уч кундан бери ишлаётган экан. Айтишича, у ерда ҳар иккита беморга биттадан тиббиёт ходими бириктирилган. Қандай қилиб, деб сўрайман? Жавоб беради: реанимация 6 кишига мўлжалланган. Аммо 13 киши ётибди. Ҳаммаси сунъий нафасда...

Иккинчи кун

Ишда кийиладиган ниқоб биз ўрганиб қолганимиздан фарқ қилади. У юзга маҳкам ёпишади ва у билан нафас олиш жуда қийин. Маска устидан шаффоф экранли махсус восита кийилади. У ишлаш имконини беради ва ён томонларни кўришга халақит бермайди, яна бир плюс томони унда кўзойнак тақиб ҳам ишлаш мумкин.

Менинг бўлинмам...Уни номини айтиш ҳам шарт эмас. Чунки бошқача беморлар барибир у ерда йўқ. Педиатрия, ортопедия, лор, окулист, хирургия (фақат шошилинчи қолган) бўлимлари ёпилган. Ҳаммасини реанимация, интенсив терапия ва ковид бўлинмасига айлантиришган. Бутун бошли шифохона фақат битта касаллик учун ишлаяпти!

… Янги қиёфалар: палатага 2 кишини сиғдириш ва уларнинг ҳар бири учун алоҳида “прайваси” (шахсий оралиқ майдони ва дахлсизлик)ни кафолатлаш мақсадида пардаларни олиб ташлаш учун ишчилар келишди. Эртадан янги беморларни олиб келишни бошлашади, иш янада кўпаяди. Лекин бу эртага бўлади, ҳозир эса дам олиш керак.

Учинчи кун

Менга шкафча беришди, бироқ унга осма қулф керак. Уни қаердан сотиб олиш мумкинлигини ким айтар экан? Албатта, ҳеч қаердан, чунки бу биринчи эҳтиёж маҳсулоти эмас.

Сменам соат 14да бошланди. Ўрганиш ва тушунишни бошлаяпман, аммо ҳаммасини эслаб қолиш ҳамон жуда қийин.

Кеча айтганимдек, барча палаталарда 2 тадан одам бор эди, бугун эрталабдан беморлар олиб келинибди. Бўлимлар энди “ифлос” ва “тоза”га ажратилмайди. Соғайганларга рухсат беришди ва бутун бўлинма “ифлос”га айланди. Бу тиббиёт жаргонида биз қўлқопдан бошқа кийимларни алмаштирмаслигимизни англатади.

Ярим тунгача беморларнинг келиши тинмади. Биргина бизнинг бўлинмамизга 12 киши олиб келинди. Бу фақатгина бизга келгани! Бутун шифохонани тасаввур қиляпман. Боз устига яна реанимацияни операция хонаси ва бошқа кўплаб бўлинмалар ҳисобига ҳам кенгайтиришди.

Энди нега уйдан чиқмаслик кераклиги тушунарли. Гипс қўйишмайди, операция қилишмайди. Сабаби бундай хизмат кўрсатадиган бўлинмаларнинг ўзи йўқ. Компьютерда шундай дастур борки, у орқали касалхонада ётганлар ҳақида маълумотларни кўриш ва қайси бўлинмага олиб чиқилиши ҳақида билиб олиш мумкин.

Ёшларига қараймиз: 25(!), 32(!), 36, 42, 47, 52! Бу фақат бугунгиси! Қолганларнинг ёши янада катта, улар жуда кўп!!! Улар шошилинч ёрдам бўлимида ётишибди, демак, уларга жуда оғир!

“Смен”им соат 22да тугайди, аммо бўлинмани 23да тарк этдим. Юзларимизга қараб смена тугаганини билиш мумкин эди.

Тўртинчи кун

Ишдаман. Беш дақиқалик танаффусда ёзиб қўймоқдаман. “Смен”ни соат 22да қабул қилиб олдим. Компьютердаги дастурлар билан танишяпман. Ҳозир шеригим бор, бироқ кейин бошқалар каби мен ҳам бир ўзим ишлайман. Менда ўзимнинг беморлар гуруҳим бўлади ва уларни ўзим уддалашим керак бўлади. Ҳозир соат 2:00. Навбатчилик тугашига 5 соат қолди.

Бешинчи кун

Тунги смена кундузгиларига нисбатан анча осуда ўтди. Янги беморлар келмади. Улар йўқлиги учун эмас, балки бўлимимиз тўлиб кетгани учун. Биз навбати билан оз-оздан дам олволамиз деб ўйлагандим. Соддалигим, қурсин. Афсус бундай бўлиб чиқмади.

Фақатгина тунги соат 2да 5 дақиқагина тин олиш имкони бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, устимдагиларни ечиб, дезинфекция қилиб олдим, бир стулга ўтириб, иккинчисига оёғимни узатиб, бироз дам олдим! Шунда бутун танам бўйлаб шундай енгил тортдимки! Бир кўтаришда бир ярим литр сув ичдим, бу №2 енгил тортишим бўлди.

Бунгача ташналикдан ўлиб қолсам керак деган хаёлга ҳам бориб қолгандим. Нега? Чунки бўлимда сизга ҳеч ким сув ичишни таклиф қилмайди. Сув эса бошқа, тоза хонада. Уни фақат тоза қўллар билан ушлаш мумкин, оёқларда бахиллар, халат, қўлқопни виртуал тўсиқдан олиб ўтиш қатъиян ман этилади. Сувни у зарарланмаслиги учун “ифлос” ҳудудга олиб кириш мумкин эмас. Иккинчи томони: “ифлос” зонада маскани ечиб бўлмайди! Қўлни ҳам теккизиб бўлмайди, юздаги экран ҳам кўтарилмайди! Хуллас, барча томон ёпиқ.

Беморларга раҳмим келади... Улар умуман дам олишмайди!!! Ўзи шундоқ ҳам дарддан қийналаётган беморларни доим уйғоқ ётишади.

1. Биз ҳар 15-20-30 дақиқада палатага кирамиз, чироқни ёқамиз, бир у бемор, бир бу бемор билан зарур манипуляция ишларини амалга оширамиз.

2. Ҳар иккинчи бемор бақиришни бошлаб, махсус тугма орқали ёрдамга чақириши мумкин.

3. Кўрсаткичлар меъёридан пастга тушиб кетса ёки бемор ўзи билмаган ҳолда ёки атайлаб ниқобини(у оддий эмас, герметик) ечиб юборса, махсус қурилма “чинқириш”ни бошлайди.

4. Уларга ўринларидан туришга рухсат берилмаган ва ҳар бир зарурат учун шифокорни чақиришлари керак.

5. Барча эшиклар очиқ, коридор эса шовқинга тўла.

Яна бир кузатув: бўлинмамизда фақат 3 аёл(яна бирига рухсат берилди) бор, қолганларининг барчаси эркаклар! Вирус аёллардан кўра эркакларга кўпроқ юқмоқда! Ёки у эркакларни жуда оғир зарарлайди, аёллар эса уйларида тузалиб кетишяптимикан?

... Шифохонадаги иш тартибим қуйидагича: эрталаб(душанба) —эрталаб(сешанба) — кечқурун(чоршанба) — кечқурун(пайшанба) — ўзимизга келамиз(жума) — дам оламиз(шанба)

Бугун тунги навбатчиликдан қайтдим, шунда эртага дам оламанми? Ха-ха-ха. Эртага эрталабдан яна иш. Кейин яна менга эртага ишга чиқ дейишади. Нормал график фақат нормал вазиятлар учун, бизда эса ҳайбаракаллачилик.

Эртага Италияда карантин бошланганига ростмана 2 ҳафта бўлади. Дам олиш кунлари биринчи натижалар чиқишига умид қиляпман.

P/S: Шу пайтда кундалик муаллифи эртаси куни нимадир ўзгарса ҳам, ёмон тарафга ўзгаришини билмас эди...

Давоми бор...

Рисолат МАХСИМОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси