АсосийJamiyat

Каттақўрғонда ЙПХ инспекторлари фаолияти жараёнида туман солиқ инспекцияси бошлиғининг 1-ўринбосари вафот этди

'Каттақўрғонда ЙПХ инспекторлари фаолияти жараёнида туман солиқ инспекцияси бошлиғининг 1-ўринбосари вафот этди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманида ЙПХ инспекторларининг фаолияти жараёнида туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 1-ўринбосари вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Айни пайтда ҳолат юзасидан ИИВ расмий баёнот берди. 

Унга кўра, жорий йилнинг 10 июнида тунги соат 00:50ларда Каттақўрғон тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари туманнинг “Кадан” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4R-243 автомобиль йўлининг Алишер Навоий ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жамоат тартибини сақлаш бўйича тунги хизмат вазифасини бажараётган вақтида, фуқаро А.А. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт светофорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган.

Ҳудуддаги 4R-243 автомобиль йўлининг 7 километрига етганида “Кобальт” йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган.  

Ҳуқуқбузар, ходимлар томонидан ушланиб, ўта маст ҳолатда бўлганлиги гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилганида, фуқаро А.А. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсата бошлаган.

Шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтказилган фуқаро А.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай фуқаро А.А. вафот этган.

Ҳодиса содир бўлган жой Ички ишлар вазирлиги ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими иштирокида туман прокуратураси томонидан кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилади, дейилган ИИВ Ахборот хизмати хабарида. 

Шунингдек, ҳолат юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати ҳам расмий баёнот берди. 

"Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимларининг фаолияти жараёнида туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 1-ўринбосарининг ўлими юз берган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 206-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди", дейилади расмий хабарда. 

 

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар