АсосийSiyosat

Ҳозирда талабаларда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд

'Ҳозирда талабаларда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари барча соҳадаги ислоҳотлар тайёрланаётган мутахассисларга боғлиқ эканини кўп таъкидлайди. Шу боис олий таълим тизимидаги дастлабки ўзгаришлар аввало, қабул қамровини ошириш, муассасаларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Шунингдек, давлат раҳбари талабалар ётоқхонаси бўйича муаммоларга тўхталиб ўтди.  

Ётоқхона ўринлари сонини ошириш ҳисобига қўшимча 22 минг, ижара тўловини қоплаш орқали 60 мингдан зиёд талабаларнинг турар-жой масаласи ҳал этиб берилди ва бунга жорий йилда бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Ҳозирда талабаларда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд. Ушбу муаммоли масалани  тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкин.  

Бўш майдони бўлган олийгоҳлар ўз ҳудудида, бўш майдони бўлмаганлари 1,5 километргача масофада тадбиркорларга ётоқхоналар ташкил этиш учун ер аукцион орқали ажратилади.  

Олийгоҳ ректори, вилоят ҳокимлари тадбиркорлар билан камида 20 йил муддатга шартнома имзолайди, бинонинг 1-2 қаватини бизнес учун (кўнгилочар хизматдан ташқари) тадбиркорга бериш, юқори қаватларини арзон турар жой (хостел) ташкил этиш шартлари белгиланади. Талабаларнинг турар-жойи харажатларини 50 фоизини бюджетдан қоплаб берилади.

Бу тадбиркор учун – кафолатли мижоз, биринчи ва иккинчи қаватидаги бизнеси учун катта бозор, талаба учун – қулай ва арзон шароит, олийгоҳга эса – маблағни тежаш ва  уларни таълим сифатини ошириш учун йўналтиришга катта имконият деди давлат раҳбари.  

Президент вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда талабаларга қулай ҳудудларда ётоқхоналар қуриш бўйича ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш бўйича кўрсатма берди.  

    Бошқа янгиликлар