my5
Sevimli

"Депутатнинг иши уйма-уй юриб озиқ-овқат тарқатиш эмас" – жамоатчилик бунга нима дейди?

ЭРКИН МИНБАР 19.06.2021, 00:32
Теглар: Депутат
"Депутатнинг иши уйма-уй юриб озиқ-овқат тарқатиш эмас" – жамоатчилик бунга нима дейди?

Депутатлар ҳақида ёзишга тўғри келганда, плюрализм авжига чиқади. Кимдир депутатни ёмонласа, бошқаси уни қаҳрамони сифатида олқишлайди. Бироқ депутат деганда мақтайдигандан кўра, лаб бураётганлар кўпроқ топилаяпти. Сабаб нимада? Албатта яхши депутатлар йўқ эмас, аммо... нимадир етишмаяптида бу тизимда. Ана ўша нимадирни қидириб бир қанча кишилардан фикр сўрадик: депутатларга асқотсин учун. Муддаомиз асло танқид эмас, таҳлилий фикрлар ва таклифлардан ҳар бир депутат ўзи излаган саволга жавоб олиши, сўнг баъзи камчиликларини тушунган ҳолда ўзини ислоҳ этишини мақсад қилганмиз. 

Дастлабки сўровимиз уй-рўзғор, мол-ҳол, бола-чақадан ортмаётган қишлоқ кишилари билан бўлди. Ишонасизми, депутатни кимлиги, унинг нима вазифа бажаришини тушунмаётганлар бор. Ўндан ортиқ авом кишилар депутатни сайлов пайтида турли ваъдалар берганлигию, депутат қайсидир вақтда сайланадиган «расмий шахс» эканлигига урғу берди. Сайлов олдидан баъзи номзодларнинг халқ билан муносабатини кузатамиз, уларни маиший муаммосини ҳал этишни ваъда беришади. Аслида буни қилолмаслигини билади, аммо халқни алдашни ҳали сайланиб улгурмай бошлаб юборишади. Кичик тадқиқотимизда (10-15 нафар йўловчи билан суҳбатлашилди) 2 фуқаро депутатдан муҳимроқ ташвиши борлиги, «кераксиз» саволлар билан бошини қотирмаслигимизни тайинлади. Давлатни бошқаришда иштироки кутилган халқ вакиллари бу мавзуни энг охирги даражага қўймоқда. Аҳолида ҳуқуқий саводхонлик етишмаяпти. Аслида бу даҳшатли?

Иккинчи тарафни эшитсангиз уни ҳам гапида жон бор: баъзи депутатлар эркинлик, ваколат камлигидан нолийди. Бу масалага ойдинлик киритиш учун соҳа мутахассиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоевга юзландик, улар аслида бу депутат фаолияти учун энг муҳим жиҳат эканлигини таъкидлаб ўтди:

– Парламентаризмга доир назариялар классиклари фикридан кўриниб турибдики, парламентнинг ўз функциялари ва ваколатларини амалга ошира олиш гарови – бу депутатларнинг мустақиллиги, ўз қарашлари ва нуқтаи назарини эркин ифода эта олиш қобилияти, унинг мустақил сиёсий фаолияти учун барча шарт-шароитларнинг яратилганлиги ҳисобланади. Агар депутатнинг номзоди ижроий ҳокимияти тузилмалари таъсири, ёки кучсиз сиёсий партия томонидан кўрсатилган бўлса, у ҳолда нафақат депутатнинг хатти-ҳаракати, балки парламентнинг фаолияти декларатив характер касб этади. Шунинг учун ривожланган мамлакатларда сайловчилар ва сиёсий партияларнинг депутатликка номзодлар излаш ва уларни тайёрлаш механизмлари мукаммал тарзда шакллантирилган.

Депутатликка номзодни сайлов округидаги фуқаролар ўзларининг вакили сифатида, қонун чиқарувчи ҳокимиятда ўз манфаатларини ифодалаши учун бир неча номзодлар ичидан бирини сайлайди. Бу дегани депутат даставвал ўз сайлов округининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳолатини ўз хатти-ҳаракатида намоён қиладиган халқ хизматкоридир.. Шу сабаб депутат доимий равишда ўз сайлов округи билан алоқада бўлиши, сайловчиларни  қабул қилиши, ўз номзодини кўрсатган сиёсий партия билан мунтазам равишда боғланиб туриши шартлидир. Депутат доимо ўзини номзодини кўрсатган партияга боғлиқ бўлган ҳолда фаолият юритадиган шахсдир. У ўзининг хатти-ҳаракати тўғрисида парламентдаги партия фракцияси олдида ҳисобот бериб боради, партия интизомини сақлайди, партия дастури ва мафкурасига амал қилади, ундаги ғоялар ва концептуал мақсадларни қонунларда ифодаланиши учун ҳаракат қилади.

Яна суҳбатдошимиз депутатнинг дахлсизлиги, қонуний ҳуқуқларини ҳам санаб ўтдилар. Қонуний ҳуқуқ ва эркинлик берилган экан, нега яхши натижа кўринмаяпти? Бугунги кунни депутати қандай бўлиши керак?.. Шу каби саволлар билан журналист, Шерзод Тиловбердиевга юзландик: 

– Депутат халқ ноиби, халқнинг  дардини эшитадиган, уни Парламентга олиб чиқадиган инсон. Бугун бизнинг мамлакатимизда депутатлар ўз вазифаларини қай даражада бажаришмоқда? Бу саволга жавоб берар эканмиз, афсуски кўпчилик депутатларимиз фақат қўл кўтариб, бирон бир қарорни тасдиқлашдан нариги ўтмаётганлигини кузатамиз. Маҳаллий кенгашлардаги депутатларнинг жамоатчилик асосида ишлаши ҳамда Кенгаш раислари лавозимига Ижро ҳокимиятидан яъни шаҳар, туман ҳокимларининг тайинланиши ҳам депутатларнинг чин кўнгилдан ва мустақил фаолият юритишига тўсқинлик қилаётгани айни ҳақиқат. Маҳаллий кенгашларнинг раислигига Ижро ҳокимияти вакилини тайинлашни бартараф этилиши депутатларга кенг йўл очади. Бундан ташқари, ҳар бир депутат юрагидаги қўрқувни йўқотиши керак. Унинг дахлсизлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай экан ҳар қандай мансабдор депутат олдида ҳисобдор эканлигини депутатнинг ўзи яхши билиб олиши керак.

Мактаб раҳбарлари депутатни қандай бўлиши керак деб ҳисоблаяпти, аниқроқ таклифни Оҳангарон шаҳридаги 2 умумтаълим мактаби директори Муяссар Айнакуловадан тингладик: 

–Бугунги кун депутатидан биз адолатли бўлишини кутамиз.  Депутат таниш билишлик, уруғчиликка йўл қўймаслиги шарт. Яна у халқ ичида ва халқ дарди билан яшасин. Келажакни кўра биладиган, савия ва шахсий фикрига эга, ҳар бир масалага жиддий ёндашадиган, муаммони ечими билан кўрсата оладиган бўлсин. Ўзгалар фикри билан иш қиладиган депутат ҳеч қачон халқ ичида ҳурматга сазовор бўла олмайди. 

Навбатдаги суҳбатдошимиз, рус тили фан ўқитувчиси Алишер Комилхонов депутат қандай бўлиши кераклигига ўз тавсияларини бериб ўтди:

– Фикримча, депутат қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши лозим: Ўқимишли. Албатта олий маълумотли бўлиши шарт эмас – дунёқараши кенг, қонунчиликни яхши биладиган ва энг муҳими, конституцияни мукаммал ўрганган;

Демократ. Бу ибора ичида одамгарчилик, бағрикенглик, ўз шахсий манфаатларини жамоа (шаҳар, вилоят ва республика миқёсида) манфаатларидан анча, анча ва анча паст қўядиган;

Мулоқот ва танқид учун очиқ, маънавий етук. Яъни, турли иллатлар: ичкилик, маънавий бузуқлик, ичиқоралик кабиларга енгилмаган;

Қатъийлик. Сайловчиларининг ишончларини оқлаш учун қонунчиликка, адолат мезонига қатъий риоя этадиган.

Объективлик. Катта ва долзарб муаммолар турганда майда, бўлар-бўлмас ёки шахсий адоватга асосланган тартибда давлат муассасалари, ташкилотлари ишини текширавермайдиган.

Либераллик. Электорат фикрига қулоқ тутиш. Фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари бўйича амалдаги қонунчиликка асосан иш юритадиган, ўз бизнесига депутатликни аралаштирмаслик;

Лоббига мойиллиги йўқлиги. Бирон бир сиёсий, ижтимоий ва бошқа кучлар таъсирига учмайдиган, бир томонлама иш юритмайдиган;

Нима деб ўйлайсиз, бундай депутатлар бормикан? Фуқаронинг сўнгги таклифида айтилганидек, баъзи депутатлар лоббистга айланиб улгурган. Халқ манфаатидан кўра, қайсидир «қўли баланд» кишиларнинг фойдасини кўзлаб иш қилади. Ўзи билган, билмаган ҳолда амалдорларга хизмат қилаётган депутатлар бор... 

Депутатлар ҳақида омма олдида салбий ёки ижобий қиёфани яратувчи кишилар журналистлардир. Матбуот кучини 3 минг аскардан қудратли баҳолаган Наполеон ҳақиқатини тушуниш керак. Албатта, ишлайдиган, халқ учун ёниб-куядиган депутатларимиз бор. Лекин улар қилаётган ишини кўрсатиб беролмайди, яхши ПРга муҳтож. ПР икки тарафнинг ўзаро самарали, фойдали мулоқотга киришишига кўмаклашади. ПРда олтин қоида бор: севдириш. Аммо, соҳанинг бошқа машҳур вакиллари айтишадики, севдиришга арзирли контент яратиш керак. Бундан келиб чиқадики, депутатларимизни ўзлари яхши бўлсинлар ва яхши ПР усулларидан фойдалансинлар.

«Сайлов яқинлашганда улар ҳаракатга тушиб қолишади», «Депутатлар уйқуда»... каби салбий фикрларни омма онгига сингдирганларга шундай иш кўрсатиш керакки, ўзлари бу фикрни истеъмолдан чиқазиб юборишсин. Бунинг учун депутат тинмай изланиши, халқ фикрини баъзан қаршиликлар бўлсада қўллаб қувватлаши... ишлаши керак. Ҳомийлар жалб қилиб маҳсулот етказиш, уйма-уй юриб озиқ-овқат тарқатиш депутатни иши эмас. У ҳукуматга етказсин, ўша халқни қашшоқлаштираётган сабаблар нимада? Нега боқимандалик кайфияти уйғонди аҳолида? Бир сўз билан айтганда, ўша ибратли нақлга амал қилсинлар. Балиқ тутиб бермасин, қўлига қармоқ берсин, балиқ тутишга шароит яратиб беришларини талаб қилсин.  

Бугунги кун депутати ўзгаришни ҳозирдан бошлаши керак.  Шу кетишда бўлса, партиялар ва айрим депутатлар сиёсат майдонини шармандаларча тарк этишига тўғри келади...

Мадина АБДУСАМАТОВА, журналист

Шарҳлар

Депутатлар коррупцияга қарши курашишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

24.07.2021, 17:44

Жорий йилнинг 24 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.  Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши...
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери қуйи палата депутатлари орасида вакцина олмаганлар сонини очиқлади

17.07.2021, 15:50

Куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисда Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов қуйи палата депутатлари орасида коронавирусга қарши вакцина олганлар ва олмаганлар сонини очиқлади.  "Айни пайтда ушбу...
Нурдинжон Исмоилов: Эмлашни мажбурий тарзда амалга ошириш мумкин эмас

17.07.2021, 15:27

 Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида мамлакатимизда фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган...
Депутат: қачонгача монополларга емаган сомса учун пул тўлаймиз?

07.07.2021, 17:26

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги монополия ҳақида гапирди. Депутатнинг фикрича, истеъмолчида танлаш имконияти йўқ. Агар ташкилотлар истеъмолчининг манфаатларига...