my5
Sevimli

Биров мушугингни "пишт" демаса бу билганингни қилишинг мумкин, дегани эмас

ЭРКИН МИНБАР 28.06.2021, 17:30
Теглар: чиқинди
Биров мушугингни "пишт" демаса бу билганингни қилишинг мумкин, дегани эмас

Дам олиш кунларимизни, бўш вақтларимизни оила даврасида, айниқса, оила бўлиб табиат қўйнида ўтказишнинг гашти бошқача. Қишми-баҳорми, машина юкхонасига турли озиқ-овқат, санитар-гигиеник маҳсулотлар, кабоб учун мангалларни ҳозирлаб йўлга отланамиз. Шаҳардан чиқиб кетиб, мароқли ҳордиқ учун қулай жой топамиз ва “маёфка”, “пикник”ни бошлаб юборамиз...

ҲАММАСИ ШУНДАН БОШЛАНАДИ 

Биз олиб келган ҳар бир маҳсулот алоҳида бир елим халтачага солинган. Сув бўлса-ку майли, бўлмаса тозалик учун нам салфетка жонга оро киради. Ёш болаларимизнинг таглигини эса камида 2 марта алиштиришга тўғри келади. Ўтган йилдан бу рўйхатга тиббиёт ниқоби ҳам қўшилди – хуллас, олиб келинган бир машина чиримайдиган “отход”ни қаердадир қолдириш керак. Тўғри-да, уйга елкалаб олиб кетмаймиз-ку, атрофда бепоён ва беминнат табиат бағри бўлса. Чиқиндини хоҳлаганингча ҳар тарафга отишинг мумкин. Биров мушугингни “пишт” демайди.

ТАБИИЙ ГЎЗАЛЛИК ЎРНИНИ АХЛАТ ВА ЧИҚИНДИХОНАЛАР ЭГАЛЛАБ БОРМОҚДА 

Биргина Тошкент вилояти мисолида олсак, ҳар ҳафта вилоятнинг сўлим гўшаларига бир неча юз минглаб сайёҳлар келиб-кетишади. Улардан ҳар бир жамоанинг уловида юқоридаги маҳсулотлар албатта бўлади. Энди кўз ўнгингизга келтиринг, юқоридаги ҳолатларни ҳар ҳафтага ва бир неча юз мингга кўпайтиринг. Кўз ўнгингизда чиқиндихонага айланган манзара пайдо бўлмаган бўлса, математикани ҳам билмас эканман, деб ҳисоблайверинг.

ЭКОЛОГИК АКЦИЯСИ – ЯХШИ ТАШАББУС! 

13 июнь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят экология бошқармаси ташаббуси билан “Табиат – ҳаммамиз учун” экологик акцияси ўтказилди. Бу акция ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар, блогерлар ва айрим санъаткорларни ҳам бир ғоя остида бирлаштириб, улар икки бўлинган таркибда Бўстонлиқ туманидаги Чимён ҳудуди ва Ўрта Чирчиқ туманидаги Туябўғиз сув омбори атрофини чиқиндилардан тозалашга ўз ҳиссаларини қўшишди. Биз ҳам дам олиш куни уйда ётавермасдан, аслида, табиатнинг бир бўлаги, унга жавобгар бўлган, бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакили сифатида ушбу ташаббусда иштирок этдик. Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ёшлари ҳамда қолган беш юздан ортиқ кўнгиллилардан иборат “армия” икки соатга қолмасдан жами 40 гектарли табиат бағрини унинг “душманларидан халос этишди”.

"БУ АКЦИЯДАН МАҚСАД – БАЛАНДПАРВОЗЛИК ЭМАС" 

Бахтиёр ЖЎРАЕВ, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи: 

— Бу акциядан мақсад – қандайдир баландпарвозлик эмас, балки Яратган томонидан берилган бебаҳо неъматларни аждодларимиз томонидан бизга қандай бир машаққат билан, “чўғни ушлагандай” қўлларида омонат қилиб етказилгандек келажак авлодга ҳам етказишдир. 

АКЦИЯЛАР ЯХШИ, АММО 

Акциялар яхши, аммо аҳолининг бу борадаги тушунчаси етарли эмаслиги ва чиқинди ташлаш қутиларининг камлиги масаласи қандай ҳал этилади? Айнан шу саволимизга Бахтиёр Жўраев Бўстонлиқ туманининг Чимён-Довон йўлида 10 тадан ортиқ чиқинди ташлаш урналари ва улардан 100 метр олдин ишора қилувчи йўл белгилари ўрнатилгани ва бу ҳали бошланиши эканлигини айтди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Ҳашар якунланиб, Тошкентга қайтишда атрофга разм соларканмиз, йўл четидаги анҳор-у ариқларда чўмилаётган одамлар ва уларнинг атрофида турли рангларда дарахтларни “безаб турган” елим халтачаларга кўзимиз тушди. 40 гектар жуда оз, бундай акциялар сони саноқли, одамзоднинг экологик маданияти эса анчайин хароб аҳволда. Бу кетишда Яратган томонидан берилган неъматларни келажакка қандай аҳволда етказамиз? Ҳудудлар тозаланаверса-ю, у ерларга борганлар ҳудуд тозалигини кўриб, “қолдиқларини” зора ўзлари билан олиб кетиб, махсус жойларга ташлашса қандай яхши. Афсуски, бундай бўлмайди. Табиатнинг бағри кенг – унда хоҳлаганимизни қиламиз, деб фикрловчилар борлиги ачинарли. Бу каби акциялар рамзий маънода ўтказилиши, ундан мақсад – инсоният онгидаги экология ва атроф-муҳитга лоқайдликни йўқотиш эканлигини жуда камчилигимиз англаб етамиз. Қанийди, бу фикрларимиз ҳақиқат эканлигини инкор этувчи жамият шаклланса-ю, бу гапларимиз учун уялиб қолсак…

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ, "Даракчи" газетаси 25 (1152)24 июнь 2021й

Шарҳлар

Ўзбекистонда 235 та қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларининг 42 таси рекультивация қилинган

28.06.2021, 19:01

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари  “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш...
Сурхондарёдаги чиқинди уюмларини раҳбарлар кўрди

15.11.2019, 13:42

2019 йилнинг 8 ноябрь куни ижтимоий тармоқда “Сурхондарё. Мутасаддиларимиз шаҳар марказидаги чиқинди уюмларини кўриб, кўрмасликка олмоқда” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Термиз шаҳар ҳокимлиги  мазкур ҳолатни ўрганди ва натижани маълум...