Саҳифамиз эксперти адабиётшунос Шуҳрат РИЗАЕВ анчайин шов-шувларга сабаб бўлган “Мажнун” фильми юзасидан фикр билдириб, ижодкорларнинг ютуқ-камчиликларига тўхталди...
Шуҳрат РИЗАЕВ, адабиётшунос: — “Мажнун” фильмининг анча жиҳатлари маъқул келди. Лекин ҳар тарафлама мукаммал кинокартина, дейиш фикридан йироқман. Сценарий муаллифи ва режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов жуда чиройли фильм ясаган. Ясаганлиги шундаки, бундай воқеа хаёлан бўлиши мумкин, Жаҳонгир эса шуни ҳаққоний ҳолатларини тасаввурда ҳаётий қилиб кўрсатиб бера олган. Ҳаёт билан бадиий мантиқ ўртасидаги нисбатларда маълум даражада муайян мувофиқлик, мувозанат бор. Фильмнинг энг асосий кўзга ташланадиган ютуғи бу – операторнинг иши. Тасвирларни мукаммаллиги фильмнинг бошқа омилларига нисбатан юқори ҳам. Сценарий муаллифи ва режиссёр сифатида Жаҳонгир Аҳмедовнинг тажрибаси юқори. “Мажнун”да ҳам унинг билим ва тушунчалари, малакаси иш берган. Инсоний муҳаббатнинг янгича шаклларини замонавий ривоятдек гўзал тасвирлаган.
“Совуққонлик меъёрдан ошиб кетган”
Фильмнинг ижро ва унинг талқини билан боғлиқ мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Масалан, фильмда журналист қизнинг ўзига хос қиёфасини яратишга ҳаракат қилинган. Бироқ ўрни келганда журналистнинг совуққон кўриниши фаоллашишини истагандим. Бундай табиатлик журналистлар ҳам бўлиши мумкин. Асал ҳаётнинг паст-баландини онасининг бахтсиз тақдири мисолида кўргани учун ҳам рўй бераётган ҳодисаларга хушёр нигох билан қарашга ўрганган қизни гавдалантирган. Гоҳида шу совуққонлик меъёрдан ошиб, воқеаларга лоқайдлик билан ёндашаётгандек тасаввур уйғотди. Ҳаётда ўз ўрнини топишни истаётган бу журналист қизга эҳтирос етишмагандек.
“Муҳаммадисо Абдулхаиров ролини ҳазм қилолмадим”
Актёр Муҳаммадисо Абдулхаировга тўғри роль танланмаган, роли ўзига ярашмаган. Актёрлар бир хил ролларда чиқавериб, томошабин хотирасида бир хил “қолип”га тушган актёр сифатида таассурот уйғотиб бўлган. Бу хулосани ўзгартириш жуда қийин. Муҳаммадисонинг актёрлик “амплуаси”да бачкана қилиқларидан иборат ролларини кўриб ўрганиб қолганман, шекилли...
“Раъно Шодиева иккинчи “план”да ҳам маҳоратини кўрсата олган”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева жуда маҳоратли актриса. Буни ишонч билан айтишимнинг боиси Раъно иккинчи пландаги ролни ҳам ички кечинмалар ифодаси билан муваффақиятли талқин қила олади. Ҳатто баъзи ўринларда Раънони Асал Шодиеванинг ўрнида тасаввур қилган ҳолатларим ҳам бўлди. Актриса кўп қиррали актриса эканини яна бир карра намоён эта олган.
“Бошқа актёр овоз бергани маъқул эди”
“Мажнун”да Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчоновнинг роли анчайин салмоқли. Лекин унга бошқа актёр овоз бергани маъқул эди, бу фильмга янада муваффақият келтирган бўларди. Боиси Матёқуб фильмда “кўча тили”да гапирган. Қаҳрамони эса бутун умр овулда қўйчувон бўлиб юрган чўпон, шундай экан унинг гапириш услуби бошқача бўлиши керак.
“Улуғбек Қодировнинг “мен”и ҳис қилинмайди”
Режиссёрлар Улуғбек Қодировдан унумли фойдалана олишмаяпти. Унинг иштирокидаги фильмларни кўрганда, Улуғбекни “мен”ини ҳис қилмайсан, киши. Масалан, ҳар бир фильмда актриса Раъно Шодиеванинг “мен”ини сезасиз. Улуғбек эса “режиссёрнинг айтганини бажарсам бўлди”, қабилида ишлагандек туюлади. Ролига нисбатан ўзининг муносабати йўқ.
Фильмнинг якунидан эса умуман қониқмадим. Муҳаммадисонинг қаҳрамони хотини, иккита боласини ташлаб, бошқа овулдагилардан ёрдам сўраб бориши ва бош қаҳрамоннинг бўрилар билан жанг ҳолати кўрсатилмай, қонга беланган ҳолда қайнотасининг қўлида жон бериши, Матёқубнинг қаҳрамони оппоқ қўзичоқни кўтариб чиқиши ва журналистни гиёҳвандликни ташлаган йигит билан қабрлар тепасига бориши ўхшамаган якундек. Назаримда, фильмларимизга оптимистик руҳ бериш керак. Фильм давомида спортчи йигит журналистга мойиллигини билдирди. Онасининг бахтсизлигини такрорламай, Асал ва Улуғбекнинг қаҳрамонининг келгуси ҳаёти биргаликда давом этиши мумкинлигига ишора қилиш керак эди. Гиёҳванд йигит журналист қизнинг унда кўнгли йўқлигини тушунди-ку. Асалнинг қаҳрамони Элёр Маҳкамовнинг қаҳрамонига марҳамат кўрсатиб, ҳаётини қурбон қилиши керакми? Фильм якунини бўри билан курашган спортчи йигит омон қолиши ва сандиқдаги оппоқ қўзичоқни бағрига босганча ўтовнинг олдига чиқиши билан якунлаш керак эди. Оппоқ қўзичоқ бу – ёруғлик рамзи ва журналист билан ҳаётий йўллари бирлашиши ҳақида томошабинга умид қолдирарди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади