“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик.Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев трансчегаравий темир йўлни очишнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилма дея баҳоланаётган Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши кераклигини таъкидлаган президент ушбу лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини маълум қилди.
Бу темир йўл тармоғининг қурилиши ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
"Умуман олганда, ушбу трансчегаравий темир йўлни фойдаланишга топшириш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратади. Мазкур темир йўл тармоғи Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евроосиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шакли бўлади.
Ҳиндистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган “Шимол – Жануб” транспорт коридори мана шундай трансминтақавий инфратузилмани ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишнинг ёрқин намунасидир. Бундан ташқари, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларимизни Хитой ва ОсиёТинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкин. Бу эса “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғундир", - деди давлат раҳбари.






