my5
Sevimli

Боланинг бегонаси бўлмайди

ЭРКИН МИНБАР 04.07.2021, 20:17
Боланинг бегонаси бўлмайди

Жамшид 14 ёш. Аммо катталардек фикрлайди. Бувисининг нафақасидан орттириб берган пулига қониқмай, иш топди. Дарс машғулотлари пайтида ишлади, аввалига сўнгги русумдаги телефон олди. Энди машина олиш учун маблағ жамғармоқда. Ўқитувчиларнинг нега кўп дарс қолдираётгани ҳақидаги сўровлари эса турли баҳоналар билан ҳаспўшланмоқда. 

Дарс қолдиришлар сурункали тус олгач, мактаб ва маҳалла масъуллари Жамшиднинг хонадонига борди. Ёши етмишдан ошган нуронийнинг кўзи эшикда фарзанди ва келинини кутмоқда. Уларнинг пул топиш илинжи билан хорижга кетганига ҳам мана 7 йил бўлди. Ўшанда Жамшид эндигина 1-синфга чиққанди. Орадан сув каби оқиб ўтган йиллар волидани ҳам жисман, ҳам руҳан қаритди. Фарзанд эса ота-она меҳрига қонмай, барча нарсани моддият билан ўлчайдиган бўлиб улғаймоқда. 

Бунга ким сабабчи? Жамшиднинг келажаги учун ҳам биз кетишимиз керак, деб четга кетган ота-онами ёки ота-она меҳрига тўймаган, болалик завқларини тўлалигича туймаган Жамшидми? Саволлар бисёр, уларга жавоб топиш эса мушкул. Боиси ҳар ким ўзича ҳақ.

Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, келиб чиқиш сабабларини илгаридан аниқлаш борасидаги ишлар самарани кафолатлаяпти. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш, ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган талай тадбирлар амалга оширилди. 

Мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган профилактик огоҳлантирув тадбирлари натижасида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони камайди.

— Халқимизда бир болага етти маҳалла  ҳам ота, ҳам она деган нақл бежиз айтилмаган, — дейди Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси Садоқат Алижонова. — Бола фақат оилада эмас, балки ён-атрофидагилардан ҳам ибрат олиб тарбия топади. Қўшнимизнинг фарзандига бефарқ бўлмасак, кун келганда бизнинг зурриёдимиз ташлаётган  нотўғри қадамга улар “томошабин” бўлмайди. Таълим муассасаси ҳам ўқувчи билан ситқидилдан ишлаши, тилини топиб, тушунтириш олиб бориши лозим. Айниқса, ота-онасиз катта бўлаётганлар ва тарбияси оғир ёшлар билан ишлашда эътиборли бўлиш зарур. Чунки мактаб боланинг ҳаётида эзгу мақсад пайдо қила олади. Яшашдан мақсади йўқ ўқувчининг йўлдан адашиши эса жуда осон. Республика маънавият ва маърифат марказимутахассислари томонидан маҳалларада ўтказилаётган тадбирларда айни шу каби жиҳатлар инобатга олиняпти. Назоратсиз ва қаровсиз вояга етмаганлар билан ишлашга эса психологлар ёрдамига таяниляпти. Мулоқотлар якунида улар қизиқишлари бўйича ҳунар ўргатиш марказларига бириктириляпти.

Боланинг бегонаси бўлмайди — ҳақ ва топиб айтилган гап. Эртанинг эгалари тарбиясига эътиборсиз қараш бу — миллат келажагига бефарқ қараш, деганидир. Ҳар бир эртанинг бунёдкори экани инобатга олинса, уларнинг ҳеч бирига бефарқ бўлмаслик лозимлиги ойдинлашади. Ахир, тарбияда у ёки бу ташкилот эмас, барча бирдек масъул эмасми?

Рисолат МАХСИМОВА

Шарҳлар