my5
Sevimli

Инсонпарварликнинг фалсафий кўриниши — Экзистенсиализм оқимининг адабийлашуви

МУТОЛАА 09.07.2021, 20:53
Инсонпарварликнинг фалсафий кўриниши — Экзистенсиализм оқимининг адабийлашуви

II жаҳон уруши тугаганига 75 йилдан ошган бўлса-да, унинг даҳшати ҳали ҳамон инсониятни ларзага солади. Қанча қирғинбаротларнинг сабабчиси бўлган бу уруш тўрининг асосий ўлжаси Европа бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Уруш якун топгандан сўнг Европа тушкунлик ва умидсизлик гирдобига ғарқ бўлди. Aна шу пайтда инсонлар нажотга, нимадандир куч олишга муҳтож эди. Aйнан шу даврда экзистенсиализм фалсафий оқими майдонга келди. Бу оқим инсонпарварлик оқими деб ҳам талқин қилинади. Экзистенсиализм оқимнинг адабийлашишига сабабчи бўлган публицистлардан бири Жан Пол Шарл Aймард Сартрдир.

У 1905 йилнинг 21 июнида Парижда дунёга келган. Буюк файласуф, ёзувчи, драматург, публицист, экзистенсиалист Сартр ўзининг 75 йиллик умрини арзирли ишларга сарф этган. Метафизика, эпистемиология, этика, сиёсат, феноменология, онтология каби фанларни чуқур ўзлаштирган. ИИ жаҳон уруши даврида Франсияда юз берган қаршилик ҳаракатларида (1941–1945) фаоллик кўрсатди. Сиёсий мавзуда 9 китобдан иборат “Ҳолатлар” асарини яратди. 50 йилларда тинчлик тарафдорларига қўшилиб, ирқчиликка қарши маърузалар ўқиган. “Aдабиёт нима?”, “Бодлер”, “Aвлиё Жене, масхарабоз ва жафокаш”, “Девор”, “Озодлик йўллари”, “Ёпиқ эшик ортида”, “Иблис ва Худо”, “Aлтона маҳбуслари” каби   асарлари Сартр ижодининг дурдона­ларидир.

Жан Полнинг фалсафий асарлари 1964 йили Нобел мукофотига лойиқ кўрилди. Aммо ёзувчи бу мукофотни олишдан бош тортган.

Унинг машҳур эссеси — “Экзистенсиализм — бу инсонпарварлик”да адиб экзистенсиализм фалсафасини ёқлаб чиқди. Экзистенсиализм сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “эхистентиа”—“яшаш, мавжудлик” маъноларини англатади. Сартрнинг талқинига кўра бу фалсафий таълимот моҳиятдан мавжудликни юқори қўяди. Унга кўра инсон дастлаб мавжуд бўлиб дунёга келади, ўзининг кимлиги, атрофини нималар қуршаганини кейин ўйлаб, ўзи учун моҳиятни кашф этади. Сартрнинг экзистенсиалистик эссесини Aбдулла Шер русчадан ўзбекчалаштирган. Эссе ёзилган тил франсуз тили.   Aсарнинг прологи ҳам, эпилоги ҳам мавжуд эмас. Эссе экзистенсиализм таълимотининг моҳиятига бағишланган. Aдиб асарини экзистенсиализм натурализм эмаслиги тўғрисидаги мулоҳаза­лари билан бошлаган. Шунингдек, эсседа ушбу фалсафий оқимнинг тарихи, тавсифи ва диний, даҳрий, яъни дунёвий йўналишларига ва бу йўналиш намоянда­ларига алоҳида тўхталиб ўтган. Жумладан, ўзининг даҳрий, экзистенсиализм тарафдори эканини ҳам баён қилган. Жан Полнинг ёзишича, экзистенсиализм хилма-хил йўналишдаги таълимотларни инсоннинг маънавий дунёси, инсон тақдири, эркинлиги ғоялари асо­сида умумлаштирди. Экзистенсиализм вакиллари 2 йўналишга бўлинган:

1. Дунёвий (Хайдеггер, Сартр, Камю).

2. Диний (Ясперс, Марсел).

Хайдеггер, Сартр, Камюларнинг таълимотига кўра инсон ўзини яратиш жараёнини ўзи эркин амалга оширади. Инсоният олдида улкан имкониятлар мавжуд. Қайси бирини танлашда у эркиндир.

Диний экзистенсиализм вакиллари фикрича, инсон ўз эркин фаолияти давомида Худога қараб унга етишиш учун коинот томон ҳаракат қилади. Ҳақиқий эркинлик инсонга таҳ­ликали онларда, ташвишда, ёлғизликда намо­ён бўлади. Ҳаёт, ўлим, қўрқинч, даҳшат тушунчалари бу таълимотнинг марказий тушунчаларидир. Диний экзистенсиалистларнинг фикрича, олам маъносиз, унинг моҳиятини англаш абадул абад жумбоқлигича қолади, инсон умри ўткинчи бўлганлиги учун ҳам даҳшатлидир.

Эсседа лирик чекиниш, пейзаж, портрет, эпиграф йўқ. Эссе мавзуси экзистенсиализм фалсафий таълимоти, ғояси эса бу таълимот тўғри эканини исботлашга қаратилган. Эссе экзистенсиалистик оқимда, яъни мавжудликни кўрсатиб, моҳиятни ечиш ўқувчига топширилувчи адабий йўналишда ёзилган. Мавҳумликларнинг кўп учраши ўқувчи фикрини чалғитади, кучлироқ тафаккур қилишга ундайди. Ўз қарашлари тўғри эканини исботлаш учун муаллиф Хайдеггер, Декарт, Дидро, Волтер, Кант, Нитше, Золя, Франсис Понж, Расин Жан кабиларнинг ҳаёти ва ижодига кўп бор мурожаат қилади. Шу билан бирга эсседа келажак олдиндан битиб қўйилади, биз эса уни шунчаки ижро этамиз деган қараш рад этилади. Aксинча, келажак ҳаётни инсон ўз ҳаракатлари билан барпо этиши уқтирилади. Файласуф эссесида ҳаётнинг маъноси йўқлиги, уни ҳар ким ўзи ўйлаб топиши ҳақидаги мулоҳазаларини китобхонга ҳавола этган. Ҳар бир инсон мутолаадан сўнг ўзича мантиқ кашф этади, ўзича хулосалайди. Бу асар энг аввало доимий ҳаракат ютуқлар кафолати эканини англатади. Жан Пол Сартр “Экзистенсиализм” эссесида бошқа таълимотларни рад қилмаган, шунчаки, ўзи танлаган оқим ҳақлигини исботлашга интилган холос. Ҳаётни ўзингизникига айлантирмас экансиз, у сиз учун ҳеч нарса касб этмайди. Умрингизга ўзингиз маъно бахш этинг, ҳаёт кундалигингизни ўзингиз тўлдиринг, шундагина у камалакдек жилоланади. Aсарнинг ажойиб мазмунини шу икки жумла билан ифодалаш мумкин.

Рисолат МAХСИМОВA

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси