Гулистон давлат университетида жорий ўқув йилидан бошлаб даволаш иши ва педиатрия бўйича таълим йўналишлари жорий этилди. Бу ҳақда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Мухсинжон Ходжиев мазкур олий таълим муассасасида ўтказилган матбуот анжуманидаги маълумотларга таяниб, "Халқ сўзи" маълум қилди.
Янги очилган тиббиёт факультети учун ўқитувчи-профессорлар таркиби маҳаллий олим-шифокорлар ҳамда Тошкент тиббиёт академиясидан жалб қилинаётган ёш илмий ходимлар ҳисобига шакллантирилмоқда. Дастлабки ўқув йилида ҳар иккала йўналиш бўйича 25 нафардан талаба қабул қилиниши белгилаган. Айтиш лозимки, ушбу факультет Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора –тадбирлари тўғрисида»«ги қарори асосида ташкил этилди.