my5
Sevimli

Пандемия шароитида имконияти чекланган ўқувчилар таълимида қандай муаммолар кузатилди?

ЭРКИН МИНБАР 04.08.2021, 21:43
Пандемия шароитида имконияти чекланган ўқувчилар таълимида қандай муаммолар кузатилди?

COVID-19 пандемияси натижасида вужудга келган фавқулодда ҳолатдан энг кўп зарарланган тизимлардан бири бу таълимдир. Жаҳоннинг барча мамлакатларида бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам ҳукумат болалар саломатлигини сақлаш учун 2020 йилнинг 18 март санасидан эътиборан, уч ҳафта муддатга республиканинг барча таълим муассасалари ёпилишини эълон қилди. Кейинчалик эса ушбу чора ўқув йили охирига қадар (2020 йил, 25 май) узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ўз-ўзини изоляция қилиш даврида 13 800 дан ортиқ мактабгача таълим муассасалари, 9 700 та умумтаълим мактаби, 1500 та ўрта махсус ва касб-ҳунар муассасаси ҳамда 98 та олий ўқув юрти ёпилди. Натижада 1,4 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар, 5,85 млн. нафар умумтаълим мактабларининг ва 728 минг нафар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ҳамда 360 минг нафар олий ўқув юртларининг талабалари ўқув жараёнини онлайн шаклда давом эттирди. Шу тариқа 2019-2020 ўқув йили 2020 йилнинг 25 майида ёпилди. Янги ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати мактабларни босқичма-босқич очиш тўғрисидаги қарорини қабул қилди: 3 229 та ўрта мактаб 14 сентябрда, 6 089 та мактаб 21 сентябрга қадар, 9 825 мактаб эса 2020 йилнинг 30 сентябригача очилди. Бироқ, ота-оналарга ўзларининг яшаш жойлари ва мактаблардаги пандемия билан боғлиқ вазиятни баҳолаш, шунга монанд равишда фарзандларини мактабга бериш тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Бу эса ўқувчиларнинг мактабларга тўлиқ қайтмаслигига сабаб бўлди.

Пандемия шароитида ўқувчиларнинг таълим олиш имкониятларини сақлаб қолишнинг ягона чораси сифатида онлайн ўқитиш шакли жорий қилинди. Бу эса таълим жараёнида жуда катта тенгсизликни вужудга келтирди. Кузатувчилар тўплаган далиллар шуни кўрсатмоқдаки, пандемия шароитида таълим олувчиларнинг билим олиш имкониятларини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Бироқ, шундай бўлса-да, бу борада ногирон ўқувчиларнинг манфаатлари камдан-кам ҳолларда ҳисобга олинган.

Пандемия давридаги онлайн таълимнинг оғир юки ногирон болалар зиммасига кўпроқ тушмоқда. Ташқи дунё билан боғланиш имконияти кескин камайиши, ҳар куни мактабга бориш имкони йўқлиги ва бу вазиятда терапия машғулотларининг кескин тўхтатилиши ногирон имконияти чекланган болалар таълимидаги долзарб муаммога айланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ногиронлар ҳуқуқларини илгари суриш бўйича ҳамкорлик дастури (UNPRPD) ногирон ўқувчиларнинг имкониятларига жавоб берадиган, ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқадиган самарали ёндашувлар ва глобал ташаббусларни, турли дастурларни амалга ошираётган бўлса-да, ривожланган давлатларда ҳам, камбағал давлатларда ҳам ногиронларнинг таълим олиш имкониятларини тўлиқ сақлаб қолиш бўйича ечимлар ишлаб чиқилгани йўқ. ЮНЕСКОнинг “Таълим – 2030” дастури доирасида тайёрланган “COVID-19 пандемиясининг ногирон болалар таълимига таъсирини тушуниш: масофавий таълим олишдаги қийинчиликлар ва имкониятлар” номли таҳлилий маълумотномада ҳам мазкур соҳа бўйича жаҳондаги ҳар бир мамлакат зиммасида ўз ечимини кутаётган масалалар жуда кўп эканлиги таъкидланган.

Самарқандлик ўн олти яшар қиз – Марямнинг коллежда ўқишни бошлаганига бир неча ой бўлган эди. Пандемия муаммосига дуч келган ҳар бир ўқувчи сингари унинг янги ўқув йили ҳам онлайн дарслар ва худди шу сабоқларга дахлдор муаммолар билан бошланди. У мактабда ўқийдиган синглиси билан бир ноутбук орқали дарс вақтини баҳам кўриши керак. Боз устига оилавий қийинчиликлар туфайли уйда унга доимий қаровчи, яъни дарсларини назорат қилишга вақт ажрата оладиган кишининг ўзи йўқ. Бу муаммо ногирон фарзанд тарбиялаётган ва устига-устак кам таъминланган кўплаб оилаларга таниш ҳолатдир.

Марямнинг эшитиш қобилияти заиф. Унинг ўқув материаллари видео ва ёзма топшириқлар шаклида тайёрланган. Марям учун синглиси видеодарсларни ёзиб олса-да, фақат овозли маълумотлар шаклидаги дарсларни тушуниш ва таҳлил қилиш имконсиз. Табиийки, бу унинг таълим олиши жараёнидаги улкан муаммо ҳисобланади.

Марям таҳсил олаётган иқтисодчилар гуруҳида барча мавзулар янги. Ўқитувчи синфда мавзуларни тушунтириши билан изоҳланмаган шаклда платформага туширилган ёзувлар юбориши ўртасида жуда катта фарқ бор. Демак, мавзуни мустақил тушуниш жуда мушкул. Марямнинг укаси ва синглиси ҳам ёрдам беришга қодир эмас, чунки, улар ҳали ёш, бу борада бирор тушунчага эга эмас. Бунинг устига онлайн дарсларнинг кўпайиши натижасида, шундоқ ҳам иммунитети пастлигидан азият чекадиган Марям кўриш қобилияти сусайиши муаммосига ҳам дуч келди.

– Қизимнинг кўриш қобилиятидаги муаммолар туфайли Интернет орқали юбориладиган ёзма ишлар вазиятни янада қийинлаштиради, – дейди Марямнинг онаси. – Қизим ногиронлиги учун ва ҳиссий эҳтиёжлари чеклангани сабабли, онлайн таълим унинг учун умуман маъносиз. Ташқи дунё билан боғланиш имконияти пасайгани, ҳар куни мактабга бориш имкони йўқлиги ва терапия машғулотлари кескин тўхтатилиши менинг болам сингари кўплаб ногирон болалар таълимида муаммо бўляпти. Куннинг аксарият қисмида онлайн дарслар қаршисида ҳаракатсиз ўтириш бундай болалар учун яна бошқа қўшимча муаммолар вужудга келишига ҳам сабаб бўлади.

Жаҳон тажрибаси

Ногиронлиги бор болаларга мўлжалланган онлайн таълим ривожланган давлатлар учун ҳам, камбағал мамлакатлар учун ҳам кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Биз бу борада бир қанча давлатлар тажрибасини кузатдик. Масалан, Ҳиндистондаги ҳолатни олайлик. Ушбу мамлакатдаги ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари ва Ногиронларни иш билан таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш миллий маркази томонидан ўтказилган сўровномалар орқали ногиронларнинг онлайн таълим шароитидаги таълим имкониятлари ва уларга таъсир қилувчи бир қанча омиллар аниқланди. Иштирокчиларнинг атиги 10 фоизигина онлайн таълим жараёнларида имконияти чекланган болалар бироз бўлса-да таълимга қамраб олинди, деган фикрда. Қолганлар эса улар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлди, деб ҳисоблашади. Жавобларга кўра, таълим имкониятларига таъсир қилувчи омиллар қаторида смартфонлар, компьютерларга эга бўлмаган ёки уларни ишлата билмайдиган қатламнинг мавжудлиги ҳамда интернетга уланиш ҳар доим ҳам мумкин эмаслиги кабилар рўйхатда биринчи ўринда туради. Тўғри, бу омиллар ҳар қандай болага тегишли бўлиши мумкин, аммо ногирон ўқувчилар муқобил ўқиш материаллари етишмовчилиги боис, янада кўпроқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Умуман олганда, ногирон болаларнинг таълим имкониятларидаги муаммолар пандемиядан аввал ҳам бор эди. Фақат пандемия бу муаммоларнинг янада чигаллашувига сабаб бўлди.

Ўзбекистондаги махсус мактабларда Брайл алифбосидаги китоблар ва аудио материаллар оз бўлса-да мавжуд. Шунга қарамай, ушбу ресурсларнинг ҳаммага ҳам етмаслиги муаммосини инкор қила олмаймиз. Энг зарур китоблар аудио шаклга ўгирилмаган ва китоблар банки яратилмаган. Одатий шароитдаги таълимда китоблар банкига, балки, эҳтиёж йўқдир, чунки, мактабга келган ўқувчига ўқитувчи кўплаб муаммоларни бартараф қилишда яқиндан кўмак беради. Аммо ногиронлар таълимида бу долзарб масала. Умуман олганда, ногиронлиги бор ўқувчиларнинг таълим жараёнини ўқитувчисиз тасаввур қилиш жуда мушкул.

Вирус балосига мубтало бўлган дунёда мажбурий қилинган ижтимоий масофа талаби имконияти чекланган болалар ва уларнинг таълим олиш имкониятини янада камайтирмоқда. Биз Тошкент шаҳри бўйлаб ўтказган сўровномамизда ўқитувчиларнинг 70 фоизи таълим сифати кескин пасайганлигидан шикоят қилди. Мисол учун, аутизм ёки кўриш қобилияти пасайиши билан боғлиқ хасталикларга чалинганлар учун онлайн ўқитиш тизими деярли маъносиз. “Бугун ҳамма ижтимоий узоқлашиш, масофа сақлаш ҳақида гапирмоқда, аммо кўриш қобилияти паст бўлганлар билан буни қандай амалга ошира оласиз? Биз ўқувчиларимизнинг қўлидан ушлаб йўл-йўриқ кўрсатишимиз керак”, дейди Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи ўқитувчилардан бири.

Ота-оналар кўмаги зарур, бироқ улар бунга қодир эмас

Биз ногирон болаларни вирусдан асраш учун уйда қолдирдик. Уларни масофадан туриб ўқитмоқчи бўламиз ва бунда ўқитувчига ота-оналар кўмаклашади, деб умид қиламиз. Бироқ бир нарсани тушуниш керак-ки, кўпчилик ота-оналар бунга қодир эмас. Шундай бўлса-да, пандемия шароитида болалар кундалик мактаб вазифаларини бажаришда ота-оналарига тўлиқ боғланиб қолишган. Масалан, оддий телефон ёки ноутбук билан ишлаш учун ҳам уларга ота-она кўмаги зарур. Ота-оналар болалари дарсларни ўзлаштириши учун кўмаклашиши керак, дарсларни ёзиб олиши, тушунмовчиликлар юзасидан ўқитувчига сим қоқиши, шундан кейин дарсларни фарзандига тушунтириб бериши керак. Бунинг учун эса ота-оналарнинг ўзлари саводли бўлиши, турли техник қурилмалар ва Интернет билан яхши ишлай олиши керак. Шунингдек, уларга ногиронликнинг турига қараб, турли махсус билимлар ҳам зарур бўлади. Хўш, бу борада ота-оналарга ишонса бўладими, ҳақиқатан ҳам, улар ногирон боласи билан шуғуллана оладими, устозлар ўрнини боса оладими? Кўплаб ота-оналар ва устозлар ўртасидаги сўровнома натижаларига кўра, “йўқ” жавоби олинди. Маълум бўлишича, ота-оналар бундай мураккаб ва масъулиятли юмушни ўз зиммаларига олишолмайди.

Сардор, Тошкент шаҳридан:

– Мен оилада ёлғиз боқувчиман, аёлим эса уй-рўзғор ишлари билан банд, бизнинг 14 ёшли ногирон (кўзи ожиз) фарзандимиздан ташқари яна уч боламиз бор. Агар мен асосий вақтимни боламнинг онлайн дарслари билан шуғулланишга сарфласам, рўзғорни ким тебратади? Бундан ташқари, мен унинг китобларига мутлақо тушунмайман. Аёлим ҳам тушунмайди.

Сожида, Тошкент шаҳридан:

– Фарзандимиз таълим олиши учун биз ҳамма нарсага тайёрмиз. Лекин қанча уринмайлик, унга ёрдам бера олмаяпмиз, боламизнинг қулоғи умуман эшитмайди, ўқитувчилари юбораётган дарсларни унинг ўзи мустақил тушуниши мушкул. Шунинг учун мен истардимки, ота-оналар учун ҳам қандайдир қўлланмалар яратилса, токи, биз фарзандларимизга шу қўлланмалар ёрдамида кўпроқ ёрдам бера олсак. Афсуски, ҳозир мана шундай бирор қўлланма борлигини билмайман.

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи педагог:

– Ногирон боланинг таълимини унинг ота-онасига буткул топшириб қўйишни мен ёқлай олмайман. Тўғри, бу ягона вариант бўлиши мумкин. Лекин мен ўқитадиган ўқувчиларнинг саводли ота-онаси ҳам боласига дарсларида кўмаклашишга жуда қийналган. Чунки, улар шу соҳада мухсус таълим олмаган, ногирон болалар билан ишлашда эса профессионал педагог бўлиш, шу соҳага чуқур ихтисослашиш зарур. Қолаверса, ёлғиз оналар ёки оталар ҳам борки, улар тирикчиликдан ортиб, фарзандига кўп вақт сарфлай олмайди. Яна бир долзарб муаммо мавжуд, у ҳам бўлса, таълим олаётган ногирон ўқувчини руҳий қўллаб-қувватлаш имконсиз эканлигидир. Биз дарсларни масофадан туриб сифатли олиб боришга минг интилмайлик, бунинг ўзи ўқувчиларимиз учун етарли эмас. Негаки, уларнинг ҳар бири ўзига хос оламда яшайди, руҳиятида муаммо бор ва бу буларнинг ҳеч бирини педагог масофадан туриб бошқара олмайди. Қолаверса, ақлий ёки жисмоний нуқсони бор боласи билан биргаликда вазифаларни бажариш ота-онага ҳам руҳий жиҳатдан оғирлик қилади, асабларини чарчатади. Натижада, боласининг фақат қоронғу келажагини ўйлайдиган ота-онанинг кайфияти болага ўтади ва имконияти чекланган боладаги ҳолат олдинга томон силжиш ўрнига тушкунлик авж олади, шу пайтгача қилинган машаққатли меҳнат ҳавога совурилади.

Дарҳақиқат, глобал пандемия сабаб юзага келган масофавий таълим муаммолари бугун бутун жаҳонда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўқитишнинг бундай шакли ҳали янги бўлгани боис, ечимини кутаётган техник ва ўқув-услубий муаммолар талайгина. Уларни ҳал этмай туриб, ёш авлоднинг ёруғ келажагини таъминлаб бўлмайди. Айниқса, эртага жамиятда ўз ўрнини топиши, тўғрироғи, жисмоний имконияти чекланганлиги сабаб, ўзини-ўзи эплаши зарур бўлган болалар бугунги муаммоларни деб саводсиз қолиб кетмаслиги, вақтида сифатли таълим олиши зарур. Бунинг учун эса Халқ таълими вазирлиги тизими мутасаддилари юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этишга киришиши, энг аввало, ногиронлар таълими бўйича зарур ўқув адабиётларини шай ҳолатга келтириши лозим.

Санобар Шодмонова,

Тарих фанлари доктори, профессор,

Шарҳлар