Бугун, 5 август куни, эрталаб соат 09:00 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Aнгрен шаҳри 5/1 даҳасида жойлашган тўққиз қаватли уйнинг 6-қаватида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
ФВВнинг ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига беш дақиқа ичида етиб келишган. Қутқарувчилар томонидан ёнғинни ўчириш билан бир вақтда бинонинг юқори қаватидаги фуқаролар эвакуация қилинган.
Бир неча дақиқа ичида 25 нафар фуқаро хавфсиз жойга олиб чиқилиб, ёнғин соат 09:38 да тўлиқ бартараф этилган. ФВВ ходимларининг аниқ ва тезкор ҳаракатлари натижасида жабрланиш ва халок бўлиш холатларига йўл қўйилмаган.
Ёнғин оқибатида хонадоннинг 50 кв.метр майдони зарарланган. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби аниқланмоқда.






