"Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Olmazor city’да жойлашган кўп қаватли уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган номақбул видео тарқатилган эди. Орадан вақт ўтиб, 2021 йил 7 август куни ижтимоий тармоқлар – Instagram, Telegram, TikTok’да яна бир видео тарқалди. Галдаги видеороликда ушбу номақбул видео қаҳрамони бўлган аёл гўё "QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экан" деб ёзилади ва Феруза Нажмиддинованинг иш жараёнидаги суратлари билан монтаж қилиб, ижтимоий тармоқда тарқатилади. "Ушбу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова экани ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас.", дейилади Qalampir.uz таҳририяти тақдим этган баёнотда.
Унга кўра, Феруза Нажмиддинова олий маълумотли, оилали. 2019 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида турли лавозимларда фаолият юритиб келмоқда. У жамоада ва жамиятда, ўқувчилар орасида тартибли, фидоий, садоқатли, ҳалол журналист сифатида ҳурмат қозонган.
Ф.Нажмиддинованинг 2020-2021 йиллардаги журналистик фаолияти айнан танқидий ва таҳлилий материаллар билан боғлиқ. У одамларни қийнаётган масалалар ҳақида қўрқмай, холисликка ва этикага амал қилган ҳолда, сўз очиши билан эътиборга тушган. Албатта, бундай танқидий материаллар учун у бир неча бор тазйиқ, таҳдидга, “олиб ташлайсан” ёки “чиқармайсан”, деган дағдағаларга ҳам учраган.
"Бўҳтон видео тарқатилишидан бир кун аввал, 6 август куни Феруза Нажмиддинова QALAMPIR.UZ’да эълон қилган “Tashkent City” ҳудудидаги ресторанлар Республика махсус комиссияси қарорини писанд қилмай, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортажи орқали айримларнинг “думини босди” ва бу унга нисбатан нафратни янада оширди.
Бугун биз исталган одамни “шес секунд”да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Феруза Нажмиддинова экан деб туҳмат қилинаётган видеода аёлнинг юзидан унинг кимлигини таниб олиш мумкин эмас. Ва ушбу видеога исталган аёлнинг, айтайлик, амалдор аёлларнинг ёки амалдорларнинг қизи, жияни, аёли суратини ҳам қўйиб, “шунақа иш бўлибди”, деб тарқатиш мумкин ва бу ҳақиқат бўлолмайди. ", дейилади хабарда.