my5
Sevimli

ССВ: июнь-июль ойларида хусусий тиббиёт клиникаларида даволанган 31 нафар “COVID-19”га чалинган бемор оғир аҳволга тушиб қолган

ЖАМИЯТ 10.08.2021, 19:47
Теглар: коронавирус
ССВ: июнь-июль ойларида хусусий тиббиёт клиникаларида даволанган 31 нафар “COVID-19”га чалинган бемор оғир аҳволга тушиб қолган

“COVID-19” инфекциясини даволашда қатнашаётган баъзи хусусий тиббиёт муассасалари шартномада кўрсатилган талабларга тўла амал қилмаяпти. У ердаги беморларнинг барчаси ҳам белгиланган кўрсатмалар асосида даволанаётгани йўқ. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. 

Жумладан, беморларнинг касаллик тарихлари таҳлил қилинганда айрим нодавлат клиникаларда касалларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ антибиотик ва гормонлар буюрилаётгани маълум бўлмоқда.  

Айрим хусусий клиникаларда эса беморларга даволаш стандартларига зид равишда меъёрдан ортиқ даражада  инфузион суюқликлар қуйилаётгани аниқланмоқда.

Шунингдек, етарли билим ва савияга эга бўлмаган, санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилинмаган бундай шифохоналарда муолажа олаётган кўплаб беморлар оғир асоратлар билан ихтисослашган давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилмоқда. Бу эса тиғиз иш тартибида фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасаларидаги шифокорлар ишини янада қийинлаштирмоқда.

— “COVID-19” инфекциясига чалинган беморни касалликнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, бир вақтнинг ўзида бир неча антиботик ва гормонларни қўллаш хасталикнинг тез суратда оғир шаклга ўтиб кетишига сабаб бўлади, — дейди Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар ҲУСАНОВ. — Афсуски, бугун уй шароитида, қолаверса, баъзи хусусий тиббиёт муассасаларида беморларни даволашда айнан ана шу хатоликларга йўл қўйилмоқда.

Бунинг натижасида жорий йил июнь-июль ойида биргина Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасига Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда пойтахтимиздаги  20 дан зиёд хусусий тиббиёт клиникасида даволанган 31 нафар “COVID-19”га чалинган бемор оғир аҳволда олиб келинган.

Бугунга келиб, ушбу беморларнинг 7 нафари  шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари сабаб касалликдан бутунлай соғайган бўлса, қолган  беморлар эса  жонлантириш бўлимида  даво муолажаларини олмоқда. Энг ёмони, ушбу беморлар орасида ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бу эса ачинарли ҳолатдир.

Жорий йил 21 июль куни Яккасарой туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро У.Ш. Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда олиб келинган. Бунгача бу бемор ўзбошимчалик билан уй шароитида, сўнг пойтахтимиздаги хусусий клиникаларнинг бирида антибактериал, пульс терапия, вирусга қарши антикогулянт даво чораларини олган. Беморнинг умумий аҳволида ўзгариш бўлмагач, бизга мурожаат қилган.

Беморда коронавирус инфекциясининг оғир даражада кечиши, икки томонлама пневмония, ўпка шиши, ОРДС синдроми каби белгилар аниқланган. Афсуски, керакли текширув ва даво муолажаларига қарамасдан, бу бемор шу йил 29 июль куни вафот этган.

Шу ўринда хусусий тиббиёт клиникаларида фаолият олиб бораётган шифокорлардан коронавирус чалинган беморларни даволашда белгиланган кўрсатмаларга амал қилишларини, дори воситаларини ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тайинлашларини сўраб қоламан.

Эслатиб ўтамиз, бугунгача пойтахтимиздаги 25 та, вилоятлардаги 6 та хусусий шифохонага “COVID-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича рухсат берилган бўлиб, яқинда пойтахтимиздаги “ASIA SHINE HOSPITAL” хусусий шифохонаси билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 2021 йил 19 июлда имзоланган шартнома бир томонлама бекор қилинган.  

Шарҳлар

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна 200 нафардан ошди. ССВ муҳим огоҳлантириш берди

27.11.2021, 11:19

2021 йил 26 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 192599 (+218) нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум...
Чехияда коронавирус билан боғлиқ касаллик сони кўпайгани туфайли ҳукумат янги чекловларни жорий этди

27.11.2021, 00:32

Европа коронавирус юқтириш ҳолатлари кескин кўпаймоқда, дея хабар бермоқда Associated Press хабар берди. Жумладан, Чехияда коронавирус билан боғлиқ касаллик ҳолатлари сабабли янги чекловлар жорий этилди. Охирги суткада...
Ўзбекистонда коронавирусдан касалланишлар ва ўлимлар сони ортди

25.11.2021, 10:05

Кеча юртимизда 220 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 4 нафар бемор вафот этди.2021 йил 24 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони...
Францияда коронавируснинг навбатдаги тўлқини бошланди

22.11.2021, 23:34

Франция ҳукумати мамлакатда коронавируснинг навбатдаги тўлқини бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Le Figaro хабар берди. Мамлакат Бош вазири Габриэль Атталнинг сўзларига кўра, бир ҳафта ичида коронавирус инфекциясининг янги...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси