Мактабгача таълим вазирлиги, кеча, 13 август ҳолатида Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг жами 30 нафар тарбияланувчиларида интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилганлигини маълум қилди.
Маълумот учун, 12 август ҳолатида жами 25 нафар тарбияланувчи тиббиёт муассасаларида даволанаётган эди. 13 августда яна 5 нафар тарбияланувчида касалликнинг клиник белгилари кузатилганлиги учун тиббиёт муассасаларига ётқизилди.
Улардан жорий йилнинг 13 август 16:00 соат ҳолатига:
- 9 нафар тарбияланувчиларга тор доирадаги мутахассислар кўригидан сўнг қониқарли аҳволда яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб уйларига рухсат берилди;
- тиббиёт муассасаларида жами 21 нафар тарбияланувчи даволанмоқда, жумладан 1 нафарининг ҳолати ўта оғир, 1 нафари оғир, 6 нафари ўрта оғир ва 13 нафар беморнинг ҳолати ўртача баҳоланиб, динамикада соғаймоқда.






