Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари нутқ сўзламоқда.
– Кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.
Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар. Агар биз иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.
Кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.
Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади, – деди Шавкат Мирзиёев.