АсосийЖАМИЯТ

23 ёшли Зиёдулла ердан туриб коинотни забт этишни қандай уддаламоқда?

КОСМОСГА ЙЎЛ. КОИНОТГА 1 МИЛЛИОН ЎЗБEКНИ ОЛИБ ЧИҚИШНИ МЎЛЖАЛЛАЁТГАН ИХТИРОЧИ ЙИГИТ ҲИКОЯСИ...

'23 ёшли Зиёдулла ердан туриб коинотни забт этишни қандай уддаламоқда?'ning rasmi

КОСМОСГА ЙЎЛ. КОИНОТГА 1 МИЛЛИОН ЎЗБEКНИ ОЛИБ ЧИҚИШНИ МЎЛЖАЛЛАЁТГАН ИХТИРОЧИ ЙИГИТ ҲИКОЯСИ

Яқиндагина 23 ёшни қаршилаган Фарғоналик Зиёдулла Бутахонов 2021 йилнинг энг кўп тилга олинган инсони бўлди. Кутилмаганда унинг ихтироси оламшумул шуҳрат келтириб, тинимсиз интервьюлар, журналистлар саволлари, кунига 2-3 мингталаб келадиган хабарлар қуршовида қолди. У ўзи ясаган стратостат қурилмасини стратосфера қатламигача учиргани ва 42 минг метр баландликдан Ернинг гўзал тасвирларини қўлга киритгани кўпчилик учун янгилик бўлди. Буни илиқ кутиб олганлар, бунга ишонмаганлар ҳам бўлди. Аммо Зиёдулла бу парвозни 21 август куни яна бир бор такрорлади. Бу галги натижа 46 минг метр баландлик. 

Зиёдулла Бутахонов: - Бу кун учун узоқ тайёрландик. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига совға тариқасида Ўзбекистон байроғини энг юқори кўтаришни - космосга олиб чиқишни ният қилгандим. Жамоамиз билан буни аъло даражада уддаладик деб айта оламан. Тўғриси, бу галги ҳаяжон ўтган сафаргидан ҳам кучли бўлди.

Зиёдулла Бутахонов Ўзбекистонда илк маротаба космосга мини спутник учирган йигит бўлиб танилди. Ёш ихтирочи сифатида изланишлар олиб бориши учун Президент топшириғи билан давлат гранти асосида университет талабалигига қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Инновацияни ривожлантириш вазирлиги ходимига айланди. Унинг айтишича «бу - катта бир ҳикоянинг шунчаки бошланиши». Хўш, бу ҳикоя нимадан бошландию, унинг якунини Зиёдулла қандай тасаввур этяпти? Бу ҳақда қаҳрамоннинг ўзи сўзлаб беради.

“Пандемия ҳаётимда катта бурилиш ясади“ 

- Мактаб давридан энг яхши кўрган фаним физика бўлган. Электроника, робототехника, космонавтика соҳаларига жудаям қизиққанман. Ҳобби сифатида инглиз тилини ўргатадиган, он-лине савдога бағишланган платформалар яратганман. Бир соҳани ўрганиб бўлгач бошқа соҳага ўтиб кетаверардим. Янги нарсаларни ўрганишга қизиқишим баланд эдим. Wэб дастурлаш сирларини ўзлаштиргач, кейин дрон яратиш, уларга код ёзиш, модуллар билан ишлаш соҳасини ўргандим. 2018 йилда биринчи ясаган ўғит сепадиган дронимни тақдимотини қилдим. Мутахассислар яхши кутиб олишди, аммо ҳаётга тадбиқ этиш учун туртки бўлмагани учун лойиҳа қолиб кетди. Сўнг барчасини йиғиштириб Хитойга ўқишга кетиш учун 1,5 йил хитой тилини ўргандим. Бироқ пандемия сабаб хорижга чиқолмадим. Бир томондан бундан жуда хафа бўлдим, шунча тайёрланганим зоя кетди. Иккинчи томондан хурсанд бўлганим карантин даврида космосга чиқиш ғоямни амалга ошириш учун етарли вақт ва шароит бўлди. Бугун эса яхшиям ўшанда ўқишга кетиб қолмаганим деб ўйлайман. Пандемия ҳаётимда катта бурилиш ясади. 

“Мақсадимни амалга ошириш йўлида мени телбага чиқаришди, жосусликда айблашди. Аммо ортга қайтмадим“

- Болалигида самолётга қараб учишни орзу қилмаган, космонавтларга ҳавас қилмаган бола бўлмаса керак. Мен ҳам осмонга қараб ўша ерга чиқишни орзу қилардим. Аммо бир кун келиб буни уддалашни тавассур қилмаган эдим. Илон Маскнинг «Space X» лойиҳасининг энг бошидан мухлисиман. Уни кузата туриб «нега бу ишни ўзбеклар қилолмас экан?», «бизданам чиқсин шунақа ихтиролар» деган мақсадда космосга чиқиш йўлини қидира бошладим. Космос қандай эканлигини ўз кўзим билан кузатиш учун стратостат учиришга қарор қилдим. Ғоям ҳақида кўпчилик яқинларим, устозларим, ИТ-дастурчилар, робототехникага қизиқувчиларга айтдим ва ҳамкорлик қилишга таклиф этдим. Бироқ бунга нореал нарса сифатида қарашди, мени ҳаёлпараст телбага чиқаришди. Бир томондан улар ҳам ҳақ, мен эндигина лицейни битирган, фақат қизиқиш учун нарсалар яратадиган, бу соҳада ҳеч қандай билим ва тажрибага эга бўлмаган, тайинли устози ҳам йўқ оддий қишлоқ боласи эдим. Лекин бу сафарги мақсадим ўта жиддий эди. Фақатгина ота-онам менга ишонди.  Ана шу қаршиликлар, устимдан кулишлари кучли мотивация бериб, аввало ўзим учун ўзимни кашф этиш, сўнг бошқаларга гапимни устидан чиқа олишимни исботлаш учун бир ўзим ишга киришдим. Лойиҳамни «Назар Х» деб номладим.  Интернетдан россиялик, хитойлик ихтирочилар ишини кузатиб стратостат ясашни ўргандим. Аммо у видеода кўринганидек осон иш эмас экан. Аппаратни яратиш учун жуда кўп ўқишга, кўп соҳаларга мурожаат қилишга тўғри келди. Физикадан ташқари, математика, геометрия, кимёдан дарслар олдим. Стратостатни учириш учун гелий гази керак бўлади, бу МДҲда фақат Россияда бор экан. Мўлжалим бўйича 2 миллион сўмлик гелий билан қурилмани стратосферага олиб чиқаман деб ўйлагандим. Бироқ чучварани хом санаган эканман. Биринчи парвоз учун 20 миллион сўмлик гелий ишлатдим. Тасвирга оладиган камера ва бошқа жиҳозлар ҳам арзон эмас эди. Умумий ҳисобда 2,5 минг доллар харажат кетди ва аэростатни осмонга учирдим.  Аммо қурилмадан сигнал келмади. Шунча маблағ, бир йиллик меҳнатим ҳавога учиб кетди. Бу албатта, ёмон таъсир қилди. Иккинчи муваффақиятсизликдан кейин эса ҳатто бир ҳафта қўлим ишга бормади. Ҳар галги самарасиз парвозлардан хатоларимни тўғирлаб бордим. Атрофимдагиларнинг «сен буни қилолмайсан» деган таъналари сабаб ҳам буни амалга оширишим шарт деб, қайта-қайта уринаверардим. Тўртинчи парвозда суратга оладиган аппарат музлаб қолгани учун кадрлар сифатсиз чиқди. Бешинчисида тасвир нисбатан яхши бўлганди, лекин қўниш мўлжалини сал нотўғри ҳисоблаганим учун аэростат Қува туманидаги ҳарбий база ҳудудига тушиб қолди. Уни олиш учун ҳарбийлардан рухсат сўрайман ва кириб  олиб кетаман деб ўйлагандим. Бироқ... Мени жосусликда айблашди, босимлар бўлди, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан анча мунозара қилишга тўғри келди.  Кўнгилли ихтирочи эканлигимни, буларни қизиқиш учун ўзим ясаганимни исботлаб берганимдан сўнггина қўйиб юборишди. Тўғриси, унгача барча мотивацияларим ўлиб бўлди, тушкунликка тушиб, бу ишга қайта қўл урмайман деган қарорга келдим. Бир ҳафтадан сўнг яна ғойибдан ички мотивация уйғониб, шунча меҳнат қилиб натижасини қўлга киритай деганда ташлаб қўйсам бўлмайди, деб яна ишга киришдим. Захирамда охирги Латех шари қолганди. Сўнгги уринишда уддаласам уддаладим, бўлмаса айбсиз айбдор, омадсиз ихтирочи бўлиб қолиб кетаман деб қаттиқ тайёргарлик ва катта таваккал билан 2021 йил 12 январь куни яна стратостат учирдим.Ваниҳоят олтинчи парвозимда кутилган натижага эришдим. Бироқ бу ҳам муаммолардан ҳоли бўлмади. Шамол тезлиги ҳисобига стратостат бу гал Қирғизистоннинг баланд тоғли ҳудудига тушди. Қурилмани топиш учун у ерга бориш ақлга сиғмас иш эди. «Қирқига чидадинг, қирқ бирига ҳам чида» деб сигнал ортидан йўлга чиқдим. Чегарадан ўтиб, ўша ерлик танишларим ёрдами билан тоғга бордим. Тоғга чиққач ҳам қурилмагача 18 км бор эди. Етиб боргунимча ҳам у ўша ерга қўнганига ишонмадим, аммо боргач, ич-ичимдан қувониб йиғладим. 

“6 минг доллар пул ва 1,5 йил вақтим кетди“ 

Хўш, қаҳрамонимиз кутган натижа унинг шунча қийиналишига арзирмиди? У бу билан нимага эришди?

- Мен учирган мини спутник стратосферанинг 42.671 минг метр баландлигидан Ерни тасвирга олди. Тўғри, бу улкан натижадек кўринмас, аммо шу яқин космосга чиқишни ўзиёқ катта ютуқ. Кардрлар шунчалик ажойиб чиққан эдики, уларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Фарғона водийсининг космосдан олинган тасвирлари бор эди. Хурсандчилигимни ифодалаш жуда қийин. Ҳеч қандай устоссиз, ҳеч қандай олийгоҳда таълим олмай шу ишларни қилиш, шахсий қурилмамни ўзбекча номлаб, Ўзбекистон байроғИ билан учириш… бу менга чексиз фахр берди. Мақсадимга эришгачгина 1,5 йилимни тинимсиз меҳнат ва ҳис-ҳаяжон билан ўтгазганимни, 6 минг доллардан ортиқ пул сарфлаб юборганимни, ҳар томонлама жуда чарчаганимни ҳис қилдим. Бироз танаффусдан кейин лойиҳам ҳақидаги видеони ижтимоий тармоққа жойладим. Кутилмаганда бу барча ватандошларимда ижобий кайфият уйғотди.  Минглаб изоҳлар, табриклар, мақтовларга эришимдим. Юрагимдан жой олган энг таъсирли фикр четда ишлаб, яшаб юрган акаларимиз «биз ўзбекларданам Илон Маск чиқди, бизнинг ёшлар космосга чиқишни бошлади» деб бошқаларга мақтаниб, фахрланиб юрибмиз, деб ёзгани бўлди.

 

Айтиш мумкинки, кўпчилик Зиёдулла Бутахоновга фақатгина космосга чиқишни уддалагани учун эмас, жуда катта қарама-қаршилик, моддий ва маънавий қийинчиликларга нисбатан иродали бўлгани, уддалаб бўлмас вазифани амалга оширишга куч берган ички мотивациясига қойил қолди. Ҳозир уни кўрганлар ёш ихтирочидан кўпроқ мотивация олсам дейди, «олға, ўзбек ўғлони, тўхтаб қолма» деб мотивация беришдан ҳам чарчашмаяпти. Албатта, бундай фикрлар қаҳрамонимизга илҳом бериб, эндиликда у космосга йўлни ҳамма учун очиш тараддудида. 

“Ўзбекистоннинг биринчи миллий ракетасини ишлаб чиқяпмиз

- Илон Маск, Жефф Безос каби ишбилармон кишилар космос билан боғлиқ келажакни бундан 20 йил олдин кўра олганлар. Ўз космик кемаларини яратиб, коинотга саёҳат туризмини йўлга қўйдилар. Аммо бу фақат бойлар учун. Бир неча миллион долларга чипта олиб космосга чиқиш жуда кам одамга насиб этяпти. Мен эса космосга бир варакайига 1 миллион одамни олиб чиқмоқчиман. Инновацияни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида йиғилган энг иқтидорли ихтирочилар, дастурчилар жамоаси билан Ўзбекистоннинг биринчи миллий  ракетасини ишлаб чиқяпмиз. Бу миллий бренд бўлгани учун унга миллат одамлари ҳам ҳисса қўшишга ҳақли деб ўйладим. Лойиҳани «1 миллион ўзбек» деб номладик. Ўз имкониятидан келиб чиқиб -  кимдир моддий томондан, кимдир билими, кимдир дуоси билан лойиҳамизга ёрдам берганларнинг исми-шарифини ракетамизга ўйиб ёзамиз. Қачонки, биринчи миллий ракетамиз орбитага муваффақиятли парвозни амалга оширгач уни музейга қўйишни ва одамлар ўз авлодларига коинотни забт этишдаги ўрни билан мақтана олишига эришмоқчимиз. Биласизми, бу ғоя қачон келди? Менга ҳавас қилганлар кўпайгач ватандошларим ҳам мен ҳис қилган фахрни туйишларини истадим. Мен бир ўзим космосни забт этганимда исмим шу муваффақият билан ёнма-ён тилга олинганда қанчалар ғурурланганман, ичимга сиғмаганман. Энди миллий ракетани безаб турган 1 миллион исмлар қаторида ўзининг борлигини кўриш қолганларга қандай қувонч бахш этишини тасаввур қилаверинг. Ўйлайманки, бу барча учун жуда фойдали ва  омадли лойиҳа бўлади. Келажакда эса шахсан ўзларини ҳам космосга олиб чиқишга ваъда бераман. Чунки бунга Ўзбекистон салоҳияти ва имконияти етарли даражада эканлигига ишончим комил. 

Кўринадики, космосга чиқиш энди орзуда қолиб кетмайди. Тараққийлашиб бораётган асримизда коинот ҳамма учун эшикларини очмоқда. Буни таъминлаш учун эса соҳа вакиллари ва Зиёдулла сингари изланувчан ёшлар йиллаб оғир меҳнат қилишига, кўп куч сарфлашга, мияни тун-у кун банд қилишига тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, Ерни бутунлай унутганларгина самони забт этадилар. Қаҳрамонимиз эса бунга мутлақо тайёр эканини, ҳикояни шу билан тугатмасдан, охиригача одамлар ишончини оқлашга интилишини, МДҲ давлатлари ҳудудида биринчи бўлиб хусусий космик агентлик очиб, соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшиш нияти борлигини билдирди. Демак, олдинда уни янада қизиқ саргузаштлар кутмоқда. 

Мақола сўнгида эса орзу-мақсадларига етишишда ўзида журъат тополмаётган ёшлар учун қаҳрамонимиз қуйидаги тавсияларни берди. 

 

Сабоҳат УЗОҚОВА, журналист

Бошқа янгиликлар