my5
Sevimli

Қандай касалликлар хотирани сусайишига сабаб бўлади?

САЛОМАТЛИК 03.09.2021, 11:38
Қандай касалликлар хотирани  сусайишига сабаб бўлади?

ССВ Матбуот хизмати хотира сусайиши билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ғофуровга мурожаат қилди:

 

— Олимлар томонидан хотирани ўрганиш борасида олиб борилаётган электрофизиологик, биокимёвий, гистокимёвий, биофизикавий тадқиқот ишларига кўра киритилаётган янгиликлар фан ва техникада улкан ютуқларга олиб келаётган бўлса-да, мия фаолияти, шу жумладан, хотирани ўрганишнинг жуда кўп жиҳатларида учраётган муаммолар ечимсиз қолмоқда. Аслида хотиранинг кучи, унда маълумотларнинг сақланиш муддатлари, қайта тикланиб, маълум хулоса ва тушунчаларга олиб келишида ҳар кимнинг наслдан-наслга ўтувчи генетик дастурлангани ўзига хос муҳим аҳамият касб этади. Шунга кўра, тенг ёшдаги кишиларнинг бири эшитган, кўрган нарсаларини узоқ вақт ёдида сақлаб қолса, ўқиган шеърларини тез ёдлаб ола билса, тил ўрганишга чечан бўлса, бошқасида бундай қобилиятлар кучсизроқ бўлади.

 

Ёш ортиб бориши билан хотира сусайиши турлича шаклда кечиши мумкин.

 

Масалан:

  • дисмнезия (эсда сақлаб қолишнинг бузилиши);
  •  амнезия (олдин билган нарсалардан айрим фрагментларнинг йўқолиши);
  •  деменция (мияда қон айланишининг бузилиши билан зеҳннинг пасайиши);
  •  Альцгеймер (хотиранинг йўқолиб, одам ўз уйи, яқин кишиларини таний олмаслиги, исми-шарифини ҳам эсдан чиқариб қўйиши);
  • Паркинсон (мушаклар таранглиги, ҳаракатнинг камайиши, қўл-оёқ титраши, нутқнинг бузилиши).

 

Юқоридаги сингари нохуш ҳолатларнинг олдини олишда жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш ва мияни машқ қилдириб туриш муҳим аҳамият касб этиши кўпгина тадқиқотларда исботланган.

 

Хотира ва у билан боғлик жараёнлар нерв ҳужайралари ва улардан ташкил топган нерв ядролари фаолияти ҳисобланиб, ушбу вазифа қайд қилинган ҳужайраларнинг кислород ва тегишли озиқ моддалари билан таъминланиш даражасига боғлик. Агар бу борада муаммо бўлмаса, улар ўз фаолиятини бемалол бажараверади.

 

Маълум сабабларга кўра, масалан, бош мия қон томирларининг торайиши ёки уларда қон етарли ҳаракат қилмаса (масалан, давомли камҳаракатлилик, яъни гиподинамия, кучли асабийлашиш туфайли қон томирлари торайса ёки уларнинг ёш билан боғлик эластиклиги камайса), нерв ҳужайраларига етарли кислород, озиқ моддалар етиб бормайди ва унда ҳосил бўлган моддалар алмашинуви маҳсулотлари – карбонат ангидрид, азот бирикмалари ўз вақтида чиқариб юборилмайди. Бу ҳол нерв ҳужайралари фаолиятини, хотирада сақлаш каби мураккаб психофизиологик жараёнларни ёмонлаштиради.

 

Уйқудан турганда хотира билан боғлиқ функциялар, масалан, бирор воқеа-ҳодисани аниқ ва равшан айтиб бериш, тасвирлаш анча қийин бўлади. Сабаби — одам узоқ вақт қимирламасдан тўшакда ётганида мияга қон бориши камаяди, шу боис нерв ҳужайраларидан иборат нерв марказлари ишида сусайиш кузатилади. Киши ўрнидан туриб ҳаракат қила бошлагач (бадантарбия, ювиниш сингарилар), мияда қон айланиши меъёрига келиб, воқеа-ҳодисалар батафсилроқ эсга тушади.

 

Уйқудан кейин ақлий қобилият маълум даражада кучайишининг сабаби ҳам мияда қон айланишининг дам олганидан кейин яхшиланишидир.

 

Шунинг учун ҳар ким (ёши, жинси, касбини ҳисобга олган ҳолда) маълум жисмоний фаолликни канда қилмаслиги муҳим.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси