my5
Sevimli

Тошкентда 1 млрд сўмлик тиллаларни ўғирлаган шахсларга ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 09.09.2021, 23:24
Тошкентда 1 млрд сўмлик тиллаларни ўғирлаган шахсларга ҳукм ўқилди

ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди томонидан 1.000.000.000 сўмлик тиллаларни босқинчилик йўли билан эгаллаган уч нафар судланувчига ҳукм ўқилди. 

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Абдулла Абдулхаев раислигида 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.  

Судланувчилар 22 ёшли йигит 23 ёшли ва муқаддам судланган 35 ёшли танишлари билан олдиндан, ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талончилик йўли билан талон-торож қилишни мақсад қилишади. Гуруҳдаги вазифаларини тақсимлаб, унга кўра, 22 ёшли йигит бошқарувидаги автомашинада жиноят объектини кузатиб, жиноий шерикларини ходиса жойига етказиш ва уларни кутиб туриши керак бўлади. Ўз навбатида 35 ёшли судланувчи ҳодиса жойига яқин туриш ва бегона шахслар келган тақдирда бу ҳақда шерикларини огоҳлантириши лозим эди. 23 ёшли судланувчи жабрланувчи таниб олмаслиги мақсадида юзига ниқоб кийиб, ўткир тиғли жисм билан қўролланиб, жабрланувчидан мулкни эгаллаб олиш ҳамда ҳодиса жойидан яшириниб, эгаллаган мулкни уччовлон ўзаро тақсимлаб олишни режалаштиришади.

Жиноят содир этилган куни, яъни ярим тун соат 01:30 ларда уччовлон ўзганинг мулкини босқинчлик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида автомашинада кўзланган манзил – уй олдидан тилла маҳсулотларини олиб кетаётган судланувчининг бошқарувидаги автомашина ортидан кузатиб, автомашина ҳодиса жойига етиб келгунга қадар гуруҳ аъзолари олдиндан тузилган жиноий режага асосан ўз жойларини эгаллаб олишган.      

Кузатувда бўлган автомашина манзилга келгач, у ердан целофан пакетга солинган қоғоз қути ичидаги, жами нархи 1.000.000.000 сўмлик тиллаларни вояга етмаган бола олиб чиқиб, уни шу ерда кутиб турган вояга етмаган жабрланувчига бергандан сўнг, у тиллаларни олиб уйга кирган вақтида, унга 23 ёшли судланувчи ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, пичоқ кўрсатиб, унинг юз қисмига қоп кийдириб, қўл ва оёқлари билан уриб, қўлидаги тиллаларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, воқеа жойидан яширинган.

Мазкур уч нафар судланувчи Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилди. Жиноят кодекси 166-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Манфаатдор тарафларга судланувчидан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтирилди.

Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси