АсосийJamiyat

Президент паралимпия чемпионлари билан учрашиб, уларнинг ҳар бири ҳақида фикр билдирди

'Президент паралимпия чемпионлари билан учрашиб, уларнинг ҳар бири ҳақида фикр билдирди'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бу ҳафта Президент Шавкат Мирзиёевнинг паралимпия ғолиблари билан учрашишини маълум қилган эди. Бугун мазкур маросим тантанали тарзда бўлиб ўтмоқда. Тадбирда бир гуруҳ спортчиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари турли медаль ва орденлар билан тақдирланишди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Давлат раҳбари спортчилар ҳақида фикр билдираркан, энг аввало, илк олтин медални қўлга киритган маҳоратли дзюдочимиз Учқун Қуронбоевга эл-юртимиз номидан ташаккур билдирди.

Яна бир полвонимиз Бобуржон Омонов ядро улоқтириш бўйича олтин медалга сазовор бўлиш билан бирга, Паралимпия рекордини ҳам янгилади. Таъкидлаш керакки, бу борадаги янги жаҳон рекордини ҳам айнан Бобуржон ўрнатган эди.

Айниқса, жасоратли енгил атлетикачи қизларимиз Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова рақибалари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимова олтин медалларни қўлга киритиб, барчамизга чексиз хурсандчилик бағишладилар.

Шунингдек, дзюдочи Феруз Саидов, ядро улоқтириш бўйича спорт устаси Ҳусниддин Норбеков ҳам муросасиз курашда олтин медалларга сазовор бўлдилар.

Шу ўринда Ҳусниддин бу ютуғи билан икки карра паралимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Ана шу чемпионлар қаторида Асила Мирзаёрова, Роза Қўзиева, Парвина Самандарова, Довурхон Кароматов, Нурхон Қурбонова, Ислом Асланов, Элбек Султонов, Нафиса Шерипбоева, Шариф Халилов, Шоҳсанам Тошпўлатова сингари жами 11 нафар спортчимиз кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, мамлакатимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этдилар”, - деди президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бундай беқиёс ютуқларга эришишда чинакам фидойилик кўрсатган Алфия Ибрагимова, Бобур Қўзиев, Сардор Абдухолиқов, Азизжон Норматов, Шамсиддин Саидов, Мавлонбек Ҳайдаров, Григорий Камуля каби тажрибали мураббийлар ва спортчиларимизнинг ота-оналарига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Маълумот учун:

Токио шаҳрида бўлиб ўтган ўн олтинчи паралимпия ўйинларида терма жамоамиз 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза – жами 19 та медалини қўлга киритди (шундан 11 таси қизлар).

Мамлакатимиз терма жамоаси:

  • 160 дан зиёд давлатлар ўртасида ўн олтинчи;
  • Осиё қитъасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида тўртинчи;
  • Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар