Жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Кипр математик жамияти ва Жануби-Шарқий Европа математиклар жамияти томонидан ўтказилган 38-Болқон математика олимпиадаси - BMO 2021 (Balkan Mathematical Olympiad) масофавий тарзда ташкил қилинди. Ушбу олимпиадада 18 мамлакатдан 103 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.
Ўзбекистон жамоаси илк бор қатнашган мазкур онлайн халқаро олимпиада Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ва В.И.Романовский номидаги Математика институти билан ҳамкорликда ўтказилди.
Халқаро олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қуйидаги 6 нафар ўқувчи иштирок этди:
1. Муҳаммадризо Мажидов (Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси);
2. Искандар Бўриев (Аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси);
3. Жасурбек Рўзибаев (Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби 11-синф ўқувчиси);
4. Жалолиддин Холматов (Аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси);
5. Лазизбек Ражаббоев (Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби 11-синф ўқувчиси);
6. Анвар Раҳматов (Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби 10-синф ўқувчиси).
Жамоа раҳбарлари сифатида Математика институти илмий ходимлари Фарход Ҳайдаров ва Жасур Баҳромовлар қатнашди.
Натижаларга кўра икки нафар ўқувчи Искандар Бўриев ҳамда Лазизбек Ражаббоевлар бронза медалларини қўлга киритди.
3 нафар иштирокчи Жасурбек Рўзибаев, Жалолиддин Холматов, Анвар Раҳматовлар эса 4-даражали диплом билан тақдирланди.






