my5
Sevimli

"Алишер Навоий" ҳужжатли фильми премьера қилинди

МАДАНИЯТ 11.09.2021, 20:59
"Алишер Навоий" ҳужжатли фильми премьера қилинди

Бугун соат 18:00да Адиблар хиёбонида Кинематография агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда “Spectre” студияси томонидан суратга олинган «Алишер Навоий» ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Адиблар хиёбони”га ташрифи давомида берилган топшириқлари ва киноижодкорлар билан ўтказилган учрашувнинг 92-сонли баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Халқ юраги” туркумидаги 24 нафар адибларга бағишланган фильмлар яратилди.  

Премьерадан олдин Кинематография агентлиги ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузалар, шеърий парчалар, жонли қўшиқлар ижро этилди.

“Алишер Наавоий” ҳужжатли фильми ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Алишер Навоийнинг шахсига бўлган қарашларда янгича ёндашув асосида ишланган. Унда тарихий бадиий реконструкциялар, компьютер графикаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари — навоийшунос олимлар интервьюларидан фойдаланилди.

Сценарий муаллифи ва кинокартинада бошловчи Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Шоҳрух Расулов, постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимов, постановкачи-рассом Шаҳзод Муҳаммадиев, иккинчи режиссёр Муаттар Мирреджабова, монтаж устаси Зуҳриддин Асамов, ижрочи продюсер Давронхўжа Абдуғаниев.

Актёрлар Муҳаммаджон Рафиқов, Элмурод Шодиев, Ғайрат Боймирзаев, Анвар Азимов, Асал Абдуллаева, Али Чориев ва бошқалар.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси