my5
Sevimli

Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида Сенат раисининг ўринбосари иштирокида давра суҳбати бўлди

ДУНЁ 13.09.2021, 16:46
Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида Сенат раисининг ўринбосари иштирокида давра суҳбати бўлди

9 сентябр куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Буюк Британияга  ташрифи доирасида Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Британия муносабатларини ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича умумпартиявий парламент гуруҳи (APPG) ва«Conservative Friends of Eurasia» (CFI) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда парламент иккала палатасининг, ҳукумат, Буюк Британиянинг академик ва жамоатчилик доираларининг 50 га яқин вакиллари иштирок этди.

Форум давомида Британия томонига Ўзбекистонда ислоҳотларнинг бориши, республиканинг келгуси йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ҳамда ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Томонлар Буюк Британия билан ҳар томонлама ва конструктив алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этдилар.

Ўз навбатида, Буюк Британия парламенти аъзолари Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, республикада демократик ислоҳотларнинг боришини қўллаб-қувватлашини билдирдилар. Тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашда Ўзбекистоннинг асосий ўрни алоҳида қайд этилди. Турли соҳаларда, жумладан, парламентлараро йўналиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш борасида ишга солинмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

CFI президенти лорд Питер Лилли Ўзбекистонда чуқур ва ижобий ўзгаришлар, сиёсий ва иқтисодий эркинлаштириш жараёни дадил олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзбек халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклаб, лорд Лилли Ўзбекистон давлатчилиги тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга эканини таъкидлади. 1992 йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар расман ўрнатилганига қарамасдан, аслида икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар 600 йилдан ортиқ давом этмоқда ҳамда Амир Темур ва Англия қироли Генрих IV ўртасидаги ёзишмаларга бориб тақалади.

APPG раиси Эндрю Бридген Буюк Британиянинг ишончли дўсти ва истиқболли савдо ҳамкори ҳисобланган Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини айтиб ўтди.

Лордлар палатасининг аъзоси баронесса Алисон Сатти икки мамлакат қонунчилик органлари ҳамкорлигига, хусусан, Ўзбекистонда парламентаризм тизимини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берди. Шу билан бирга, у ўзаро англашув ва ўзаро ҳурмат асосида фаол парламентлараро ҳамкорликни давом эттириш, ҳақиқий шериклик муносабатларини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Лорд Муҳаммад Шайхнинг таъкидлаганидек, турли соҳаларда, масалан, инвестицияларни жалб қилиш, яшил энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, молия ва туризм соҳасида Ўзбекистон-Британия ҳамкорлигини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Парламент аъзоси Ўзбекистоннинг буюк маданий меросига ҳам эътибор қаратиб, уни халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади. 

ЕХҲТ ПА фахрий президенти лорд Питер Боунесс Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот ишидаги фаол иштирокини олқишлади. Ўзбекистоннинг сайлов соҳасидаги ижобий ютуқларини қайд этиб, ЕХҲТ ПА вакиллари миссиясининг бўлажак Президент сайловини кузатиш учун мамлакатга ташрифи ҳақида хабардор қилди.

Консерватив партиясидан депутат Б.Блекман Ўзбекистон Буюк Британия билан ҳамкорлик ва шериклик битимини имзолаган минтақадаги биринчи мамлакат эканини ва бу ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратганини таъкидлади. Шу билан бирга, таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон салоҳиятини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Собиқ спорт вазири лорд К. Мойнихан Ўзбекистоннинг спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Токиода бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг ажойиб натижалари бунинг яққол далили эканини қайд этди. Спорт бўйича парламентлараро қўмита раиси ўринбосари сифатида у Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

Халқаро савдо собиқ вазири лорд Френсис Моуд Ўзбекистондаги ислоҳотлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётганини қайд этар экан, Британия бизнеси "Ўзбекистон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаш имкониятини қўлдан бой бермаслиги зарурлигини таъкидлади".

Умуман олганда, Буюк Британияга ташриф икки томонлама сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган ўзаро қизиқишни намойиш этди. Бўлиб ўтган учрашувлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик асосий масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини ҳам берди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси