АсосийJamiyat

Қўқонлик блогерни танқидий материаллари учун заҳарлашгани айтилмоқда

'Қўқонлик блогерни танқидий материаллари учун заҳарлашгани айтилмоқда'ning rasmi

Фейсбукдаги «Қўқонжоним» саҳифаси модератори Иқболжон Комилжоновнинг соғлиғи юзасидан айрим хабарларда айтилишича, қўқонлик блогерни танқидий материаллар тайёрлаб, эълон қилиб боргани учун заҳарлашган.

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов журналистлар ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур ҳолатга ойдинлик киритган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

– И.Комилжонов айни дамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимида даволанмоқда, – дейди Ҳ.Мамажонов. – Унинг ҳолати оғир. У 7 сентябрь куни марказнинг проктология бўлимига ўткир йирингли паропроктит ташхиси билан даволангани ётган. Беморни операцияга тайёрланиш жараёнида аҳволи оғирлашган ва кома ҳолатига тушган. Шу куннинг ўзида реанимация бўлимига ўтказилган, барча керакли муолажалар бажарилган.

Қўшимча қилинишича, 8-11 сентябрь кунлари иккита операция ўтказилиб, ўткир йирингли паропроктит касаллиги бартараф этилган.

Маълум бўлишича, бемор кўп йиллардан буён қандли диабет билан курашиб келган. У яқинда коронавирус инфекциясига чалиниб, хусусий тиббиёт муассасаларида, шунингдек, уйида даволанган. Шифохонага келганида аҳволи оғир бўлган. Нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония кузатилган. Вирус ўпкасининг 50 фоизидан ортиғини зарарлаган.

Таъкидланишича, бугунги кунда белгиланган барча зарур муолажалар қилинмоқда экан. Бемор кислородга уланган, ҳолати яхшиланаётганлиги, ўпка фаолияти тикланаётгани айтилган. Мутахассислар юрак, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар бўйича ҳам ташхислар қўйишган.  Беморда ҳеч қандай заҳарланганлик белгилари кузатилмагани қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар