Наманганда мактаб ўқувчиси ўз хонадонида ўғрилик содир этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Aхборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 10 сентябрь куни Уйчи туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган аёл ариза билан мурожаат қилиб, шу йил 9 сентябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс, ўзига тегишли бўлган Наманган шаҳридаги уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, хонадон эшигини калит танлаш йўли билан очиб кириб, ҳовлисида бўлган 3 дона нархи 12.000.000 сўмлик электр сув иситиш қурилмаларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
Наманган шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни, аризачининг ўғли, Уйчи туманидаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси, 2004 йилда туғилган бола содир этганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 11 сентябрьъ куни Ўз.Р ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.