my5
Sevimli

Самарқанд, Андижон, Хоразм вилояти ҳокимлари Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолибларига уй совға қилишди

СПОРТ 15.09.2021, 19:07
Самарқанд, Андижон, Хоразм вилояти ҳокимлари Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолибларига уй совға қилишди

Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.  

Самарқанд шаҳрида Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов қатнашиб, барча Олимпиячиларимизни эришилган муваффақият билан қутлаб ўтди.

“Ҳаммамиз мусобақани катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб бордик. Шуни алоҳида мамнуният билан айтиб ўтмоқчиманки, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш ва унда иштирок этишнинг ўзи бир шарафдир. Шундай экан, унда иштирок этган барча спортчиларимизга ва уларнинг устоз, мураббийларига алоҳида миннатдорчилик билдираман”, – деди вилоят ҳокими.

Эришилган ҳар бир натижадан сўнг, айниқса, давлатимиз байроғи юксакликка кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграганда барчаларимизнинг қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлди.

Таъкидлаш жоиз, Самарқанддан Олимпиада ўйинларида 10 нафар, Паралимпия ўйинларида эса 4 нафар спортчилари иштирок этиб, қатор медалларга сазовор бўлишди. Паралимпия чемпиони Ҳусниддин Норбековга Самарқанд шаҳридан уч хонали, Паралимпия ўйинлари кумуш медал соҳиби Парвина Самандарова ҳамда дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори Давлат Бобоновга эса икки хонали уйнинг калити топширилди.

Шунингдек, Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларни ўз вилоятларида тантанали кутиб олиш маросимлари давом этмоқда. Aна шундай тадбирлардан навбатдагиси Хоразмда бўлиб ўтди. Унда спортчилари ва уларнинг мураббийлари, ота-оналари, спортчи ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Фарход Эрманов Паралимпия ўйинлари ғолибларини эришган  улкан ғалабалари билан яна бир бор муборакбод этиб, спортчиларнинг мураббийлари ва ота-оналарига самимий миннатдорчилик билдирди.

ХВИ Паралимпия ўйинларида боғотлик парадзюдочи Учқун Қуронбоев олтин, шовотлик Рўза Қўзиева пара пауерлифтинг бўйича кумуш, боғотлик парадзюдочи Нафиса Шарипбоева бронза медални қўлга киритди.

Вилоят ҳокими  Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни муносиб тақдирлади. Парадзюдочи Учқун Қуронбоев ва унинг мураббийи Aлфия Ибрагимоваларнинг ҳар бирига икки хонали, пауерлифтингчи Рўза Қўзиева ва парадзюдочи Нафиса Шарипбоеваларга эса бир хонали уйлар тантанали равишда топширилди.

Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдирдилар, 2024-йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларида бундан ҳам юқори натижаларни қўлга киритишга ваъда бердилар.

Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли майдонда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчилари ва ғолибини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларига мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этди. Якунда 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 160 дан зиёд давлат орасида 16-ўринни эгаллади. Терма жамоамизнинг ғалабаларига андижонлик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшди.  

Токио паралимпиадаси ўйинларида Андижон вилоятидан 6 нафар спортчи йўлланма олган эди. Айниқса, пара енгил атлетика мусобақасининг F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Бобуржон Омонов 14,06 метр натижани қайд этиб, олимпиада чемпионлигини қўлга киритди. Шу билан бирга,  ядро улоқтириш бўйича паралимпия рекордини янгилади.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, Паралимпия ўйинларининг барча иштирокчиларини, хусусан, Бобуржон Омоновни эришган ютуғи билан қутлади. Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар ҳамда бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак натижаларга эришаётган андижонлик спортчилар хусусида гапирди.  

Вилоят ҳокими Президентимиз фармонига асосан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган, паралимпиада чемпиони ва рекордчиси Бобуржон Омоновга Андижон шаҳрида қад ростлаган 16 қаватли янги уйнинг 2 хонали квартираси калитини тантанали равишда топширди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси