my5
Sevimli

Қирғизистон собиқ президенти ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринганликда айбланмоқда

ДУНЁ 15.09.2021, 22:44
Қирғизистон собиқ президенти ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринганликда айбланмоқда

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 2020 йилнинг октябрь ойида ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш ва оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш айбловлари эълон қилинди. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесаревга таяниб, «Коммерсантъ»га асосланиб, Дарё хабар берди. Атамбаев ўтган йилнинг октябридан буён ҳибсда сақланмоқда.

«Атамбаевга ўтган йилнинг октябрь ойи бошларида пойтахтда юз берган оммавий тартибсизликларни уюштиришда ва ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринишда гумон қилингани тўғрисида хабарнома топширилди», — деди адвокат. Ҳимоячининг таъкидлашича, тартибсизликнинг биринчи кунларида собиқ президент ҳибсда эди ва жисмонан олиб қараганда уларни уюштиришда қатнаша олмасди.

Ушбу иш бўйича президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, собиқ президент қўриқчиси Канат Сагимбоэв ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам қатнашмоқда.

Бундан бир неча ой олдин Атамбаев соғлиғи ёмонлашгани сабабли Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган эди. Колонияда тиббий шифохона мавжуд.

Маълумот учун, Атамбаев Алмазбек Шаршенович 1956 йил 17 сентябрда Қирғизистон ССРнинг Арашан қишлоғида туғилган. 1980 йилда Москва бошқарув университетини тамомлаган.

У алоқа корхоналарида муҳандис, иқтисодчи бўлиб ишлаган. 1983 йилдан Қирғизистон ССР Олий Кенгаши президиуми муҳаррири ва референт, 1987 йилдан Фрунзе (ҳозирги Бишкек) Первомайский тумани Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари бўлди.

Атамбаев 1989 йилда бизнес билан шуғулланишни бошлади. 1993 йилда у Социал-демократик партиясини тузди, 1995- ва 2000 йилларда мамлакат парламентига сайланди. 2000 йил апрелда суд мол-мулк ва даромадлар ҳақидаги маълумотларни яширгани учун Атамбаевнинг мандатини бекор қилди. 2000 йил октябрь ойида у президентлик сайловларида учинчи ўринни эгаллади. Атамбаев «Лолалар инқилоби»дан кейин, 2005—2006 йилларда саноат, савдо ва туризм вазири, 2007 йил мартдан ноябргача эса бош вазир бўлиб ишлаган.

2009 йилнинг июлидаги президентлик сайловларида Атамбаев мухолифатчилардан ягона номзод эди, лекин у атиги 8,41 фоиз овоз тўплаб, Қурманбек Бакиевга ютқазди. Инқилобдан сўнг, 2010 йилнинг апрелида у муваққат ҳукумат раҳбарининг иқтисод бўйича ўринбосари бўлди. 2010 йил 17 декабрдан эса ҳукуматни бошқарган. 2011 йил 30 октябрда Атамбаев 63,24 фоиз овоз билан Қирғизистон президенти этиб сайланди.

2016 йилда Атамбаев конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказди, буни эса ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифатчилар ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш деб баҳолади. 2017 йил ноябрь ойида у биринчи муддатдан кейин ўз лавозимини тарк этди. Атамбаев президентлигининг сўнгги йилларида мамлакатда журналистлар, фаоллар, мухолифатчи сиёсатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши кўплаб фуқаролик ва жиноий суд жараёнлари ўтказилди.

2019 йил 27 июнда Қирғизистон парламенти депутатлари Алмазбек Атамбаевни собиқ президент мақомидан ва шунга кўра дахлсизликдан маҳрум қилди. Расмий маълумотларга кўра, Бош прокуратура унинг ҳаракатларида коррупция, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва ноқонуний бойлик орттириш белгиларини топган. Атамбаевнинг ўзи айбловларни тан олмади ва ҳуқуқ-тартибот органларининг судга чақирув қоғозига бўйсунишдан бош тортди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси