my5
Sevimli

“Мендирман Жалолиддин” сериалининг 2- ва 3-фасллари суратга олинади

МАДАНИЯТ 17.09.2021, 10:46
“Мендирман Жалолиддин” сериалининг 2- ва 3-фасллари суратга олинади

Шу кунларда давом этаётган “Маданий меърос ҳафталиги” доирасида йирик конференция ва фестиваллар билан биргаликда бир қатор халқаро даражадаги учрашувлар, йиғилишлар ва маданий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Навбатдаги “тет-а-тет” учрашуви Хива шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековва Озарбайжон Маданият вазири Анар Каримов ўртасида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Учрашувда:

  • мавжуд маданий алоқаларни мустаҳкамлаш;
  • янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш;
  • маданият кунларини ўтказиш;
  • театрлар гастрол сафарларини уюштириш;
  • мақом санъатига оид билим ва тажрибалар алмашиш;
  • Шуша ва Хива шаҳарларини биродар шаҳар қилиш каби масалалар муҳокама этилди.

Суҳбат давомида Озодбек Назарбеков турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинган “Мендирман Жалолиддин” тарихий-бадиий сериалининг кейинги фаслларини суратга олишда Озарбайжон томонининг ҳам ҳамкорлик қилишини сўради.

Жалолиддин Мангуберди шахсини ўрганишда ва тарихий асарлар яратишда Озарбайжон тарихчи ва адибларининг хиссаси жуда катта. Шунинг учун сериалнинг навбатдаги 2 ва 3-фаслларини суратга олишда сизларнинг ҳам тажрибангизга ва ёрдамингизга таянамиз”, - деди вазир. Бу таклиф Озарбайжон маданият вазири томонидан тўлақонли маъқулланди ва сериалда Озарбайжон актёрлари ҳам иштироки таъминланадиган бўлди.

Шунингдек, Анар Каримов Насриддин Афанди ҳақида Ўзбекистон билан ҳамкорликда фильм суратга олиш таклифини ҳам билдириб, Хўжа Насриддин Марказий Осиё давлатлари билан бирга Озарбайжон ва Туркия давлатларининг ҳам хажвий қаҳрамони эканлигини эслатиб ўтди. Бунга жавобан Озодбек Назарбеков қандай ҳамкорлик лозим бўлса тайёрлигини билдирди.

"Истасангиз бу фильмни Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларида суратга оламиз. Ҳеч қандай декорация қуришга муҳтож бўлмаймиз. “Жонли ва ҳақиқий декорация”нинг ўзи бизда бор. Биз тайёрмиз!” - деди у.

Шарҳлар