Туризм ва спорт вазири "Халқаро автомобилсиз кун" доирасида давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарларини шахсий намуна кўрсатишга чорлади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан 22 сентябрь Ўзбекистонда "Автомобилсиз кун" деб эълон қилинган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарлари, таниқли маданият ва спорт вакилларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирларида фаол иштирок этишга чорлади ва мурожаат билан чиқди:
“Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирларида фаол иштирок этишга чақираман. Шу билан бирга, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ходимлари ҳамда ОАВ вакилларини, қолаверса барча юртдошларимизни шу куни оммавий тадбирларда фаол иштирок этишга ҳамда бир кун давомида автомобил ўрнига велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда ҳаракатланишга чорлаб қоламан. Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хештегларидан фойдаланиб, янада кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман. Зеро бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини яна-да такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфецион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир”, - дейилади мурожаатда.
Шу билан бирга, маълум қилинишича, 22 сентябрь куни мамлакатимиз ҳудудларида, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам велосипед, скейт ва самокатларда учиш мусобақалари ташкил этилади.
Маълумот учун, ўтган йили ҳам Бош вазир ўринбосари аҳолини автомобилсиз кун акциясига қўшилишга чақирган.






