АсосийJamiyat

Президент Хоразмдаги муаммоларни бирма-бир санаб ўтди

'Президент Хоразмдаги муаммоларни бирма-бир санаб ўтди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини якунлаб, Хоразмни кўздан кечирмоқда.  "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар беришича, Президент вилоятдаги тўртта долзарб муаммони бирма-бир санаб ўтган.

" – Бугунги кунда Хоразмдаги энг катта муаммолардан бири – 80 мингдан зиёд аҳоли бандлигини таъминлашимиз керак.   Шунингдек, меҳнат бозорига ҳар йили 30 минг нафар ёшлар кириб келмоқда.  Айниқса, бу масала Қўшкўпир, Янгиариқ, Янгибозор туманларида ўта долзарб.

Иккинчи муҳим масала – аҳолининг ҳаёт даражаси ва инфратузилмани яхшилаш.  Вилоятда кўплаб оилаларнинг яшаш шароитини яхшилашга эҳтиёж бор. Биргина  Хонқада 6 минг оила (18 фоизи) уй-жойга муҳтож. Хазорасп, Хива, Шовот, Янгиариқ аҳолисининг ичимлик сув таъминоти паст даражада қолмоқда.

Барча туманларда йўл-транспорт, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш талаб этилади.

Учинчи жиддий муаммо – 542 минг нафар ёки 30 фоиз аҳолининг сурункали касаллиги бор. Урганч шаҳри, Хазорасп, Қўшкўпирда – юрак қон-томир, Хива, Хазорасп, Хонқа туманларида – қандли диабет, Шовот, Хонқа, Хазораспда – нафас йўллари касалликлари кўп учрамоқда.

 Тўртинчи долзарб масала – таълим соҳасидаги муаммолар вилоят ёшларининг салоҳиятини ва аниқ фанларга интилишини рўёбга чиқаришга тўсиқ бўлмоқда.

Вилоятда 30 та мактабда ўқиш 2–3 сменада ташкил этилмоқда. Келгуси 5 йилда ўқувчилар сони 35 мингтага кўпайиб, мактабларга юклама янада ошади", – деган давлат раҳбари.

    Бошқа янгиликлар