Бир муддат аввал Тошкент шаҳрида ўқийдиган беш нафар талабанинг мурдаси улар ижарада турадиган уйдан топилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида уй эгасига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Ҳодиса бўйича тафсилотлар маълум бўлди.
ХОНАДОН ЭГАСИ ИСИТИШ ПЕЧЛАРИ НОСОЗЛИГИНИ БИЛА ТУРИБ...
Маълум бўлишича, судланувчи аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини ижарада вақтинча яшаши учун ажратади.
Хонадон “Ҳудудгаз пойтахт” МЧЖнинг туман филиали ходимлари томонидан текширилиб, иситиш печининг дудбўрони носозлиги: тортмаётгани, чиригани сабабли қайта уланмаслиги, газ идорасининг масъул ходими томонидан иситиш печини дудбўронини созлиги текширилгандан сўнггина газни иситиш печига ёқиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилади. Бироқ уй эгаси ижарада яшовчи талабаларга гўёки газ идораси ходими билан телефон орқали гаплашиб, ундан оғзаки равишда рухсат олганлигини айтади ва талабаларнинг ўзига дудбўронни созлашга рухсат берган.
Шунга кўра, ижарачилар ўзлари билганича ертўлада жойлашган печ дудбўронининг қувурларини тўлиқ тозаламай, иситиш печига газни ёқиб, ижара уйининг хоналарини иситиб, ишлатиб келишган.
Уй эгасининг Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли Қарори билан тасдиқланган 2-иловаси, 139-қисмининг бир қанча бандлари қоидаларини менсимаганлиги оқибатида ижарада яшовчи 5 нафар ижарачининг мурдалари номаълум этиологик моддадан захарланиш ташхиси билан топилган.
ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАЛАРИГА КЎРА...
Республика Суд тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган. Уларнинг қонида токсик концентрацияси турли фоизларда бўлган корбокси-гемоглабин моддаси топилган.
Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускуна ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускуна ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.
“ИЖАРАЧИ ШЕРИКЛАРИНИНГ ОҒЗИДАН КЎПИК ЧИҚИБ ЁТГАНИ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРДИ”
Судланувчи судда айбига иқрор эмаслигини билдирди...
— Уйда 2013 йилдан бери бир ўзим яшаб келаман. Ушбу уй опамнинг номида. Икки нафар нотаниш йигитлар Андижон вилоятидан кўрпа-тўшаклари билан келганини айтиб, ижарага қўйишни илтимос қилди. Шу куннинг ўзида 1004 рақами орқали газ тармоқлари ходимларига қўнғироқ қилиб, уй ертўласида жойлашган газ орқали ишловчи иситиш печини текшириб беришларини сўрадим. Чунки ертўладаги иситиш печидан газ ҳиди келаётганди. Газ идораси ходимлари газ юбориладиган қувурнинг жумрагини синдириб қўйгач, газни ўчириб кетишди. “Сваркачи” келиб жумракни тузатиб кетди. Яна 1004 рақамига қўнғироқ қилдим, икки нафар газ ходими келди. Улар аввал барчасини созлаб, ишлатиб кетишмоқчи бўлди. Кейин, газ ускунасини ўчириб, дудбўронни тузатишни ва “азбец” трубага алмаштиришни айтиб кетишди. Шунда ижарачилар дудбўронни ўзлари созлаб олишларини айтишгани учун рухсат бердим.
Уйнинг дарвозаси ёнидаги мазкур 3 та хонани йигитларга ҳар ой 200 АҚШ долларидан тўлаб боришларига келишганмиз. Шартнома тузиш хотирамдан кўтарилган.
27 февралда йигитлардан бири менга қўнғироқ қилиб, ижарачи шерикларининг оғзидан кўпик чиқиб ётгани ва уларни мазаси йўқлиги ҳақида хабар берди. Унга касаллигимни, кўчага чиқолмаслигимни айтдим. Шу пайт қўшним қўнғироқ қилиб, “уйингиз дарвозаси тагида Миллий гвардия ходимлари турибди, ижарадаги йигитларга бирон нарса бўлмаганми?” деди. Уйда мазам қочиб ётган вақтимда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кириб келди. Ҳолат бўйича батафсил тушунтириш хати олишди.
Ўзини айбсиз деб ҳисоблашини айтган уй эгаси суддан унга оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
“ДЎСТЛАРИМНИНГ ЖОНСИЗ ҲОЛАТДА ЁТГАНИНИ КЎРДИМ”
Гувоҳ, яъни талабалардан бири судда қуйидагича кўрсатма берди...
— Тахминан 24 ёки 25 февраль куни ҳаво совиб кетгани сабабли бир шеригимиз ертўлага тушиб, иситиш печини ёқиб қўйди. Дастлабки кунларда ертўладаги газдан бирон бир ҳид келаётганини сезмадик. 26 февраль куни ўқишда бўлган вақтимда бирга ўқийдиган курсдошларим билан Бўстонлиқ туманидаги курорт ҳудуд ҳисобланган жойларга дам олишга чиқишни келишдик. 27 февраль соат 16:00 га қадар дам олишда бўлиб, сўнг шаҳарга қараб йўлга тушдик. Етиб келганимда, уйнинг биз яшайдиган қисмига кириш эшиги ёпиқ, лекин қулфланмаганди. Эшикни очиб, уй ичкарисига кирдим, ошхона “пол”ида бир шеригим ётганини унинг кўзойнагидан таниб қолдим. Дарҳол қўл телефонимнинг чироғини ёқиб, қараганимни оғзидан кўпик ажралиб, ранги оқариб кетган ҳолда ётарди. Ичкаридаги қолган 4 нафар дўстимга қараб, “қарамайсанларми?” демоқчи бўлиб, ичкари хона эшигини тўлиқ очган вақтимда у ерда дўстларимнинг жонсиз ҳолатда ётганини кўрдим. Одамларни ёрдамга чақириш учун кўчага отилиб чиқдим. Кўча бошидаги элчихонада қўриқлаш хизмати ходими бўлган Миллий гвардия ходимига бўлган воқеани айтиб бердим. У эса маҳаллага масъул бўлган Миллий гвардия ходимини чақириб, у билан бирга воқеа жойига юборди. У ҳам уйнинг эшигини очиб, ичкарига қараган вақтида шеригимнинг мурдаси ётганини кўрди.
“АНДИЖОНГА ОЛИБ КЕТИБ, ЕРГА ҚЎЙДИК”
Жабрланувчининг қонуний вакили – 21 ёшли ижарачилардан бирининг отаси судда қуйидагиларни баён қилди...
— Ўғлим 2019 йил университетига ўқишга кирган. 2020 йил сентябрда 2-курс талабаси сифатида онлайн дарсларга қатнашиб турган. 3 декабрда дўсти билан Тошкент шаҳрига ўқишга кетди. Ўғлим билан телефон орқали гаплашиб турардик. 12-13 феврал кунлари Андижон вилоятига уйга келиб, 20 февралда Тошкентга қайтиб кетди. Телефон орқали гаплашиб турганмиз. 27 феврал соат 21:00 ларда уйга ички ишлар ходимлари келишди. Ўғлим Тошкентда заҳарланиб қолгани, Тошкент шаҳрига боришимиз кераклигини айтишди. Бу орада қўшним ҳам уйимга келиб, “ўғилларимиз заҳарланиб қолибди. Тошкентга боришимиз керак”, деди. Зудлик билан шаҳарга етиб бордик. Фарзандларимиз вафот этганини билиб, Андижонга олиб кетиб, ерга қўйдик.
Уч нафар жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳам судланувчига қонуний чора кўришни сўрашди...
СУД ҲУКМ ЎҚИДИ
Темур ХАСАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси:
—Судланувчи– уй эгаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди ва унга шу модда билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.