my5
Sevimli

Болаларда кечадиган кўричак белгиларини қандай аниқлаш мумкин? Шифокор жавоб берди

САЛОМАТЛИК 26.09.2021, 16:24
Теглар: кўричак
Болаларда кечадиган кўричак белгиларини қандай аниқлаш мумкин? Шифокор жавоб берди

Маълумки, тиббиётда минглаб синдромлар ёки касаллик белгилари мавжуд. Шулардан, болаларда қорин оғриғи энг кўп учрайди.  

Ҳатто, қорин ва қорин бўшлиғига умуман алоқаси бўлмаган тана аъзолари касалликлари ҳам болаларда қорин оғириғи билан кечиши мумкин. Шулардан бири ўткир кўричак (аппендицит) касаллигидир, дея таъкидлайди ССВ матбуот котиби.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош хирурги Нозим Ўрмонов мазкур касаллик билан боғлиқ айрим маълумотларни келтириб ўтди.

"Ўткир аппендицит – чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиши ҳисобланиб, у гўдак болаларда камроқ, катта ёшли болаларда эса кўпроқ учрайди. Ушбу касаллик турли вирусли хасталиклар, бодомча безлар, қулоқ пардасининг яллиғланиши ва бошқа йирингли касалликлардан сўнг бошланиши мумкин. Бола қанча ёш бўлса, чувалчангсимон ўсимтадаги яллиғланиш ва чириш жараёни шунча тез ривожланади. Касалликнинг келиб чиқишига асосан овқатланиш тартиби ва ичак фаолиятининг бузилиши, сурункали яллиғланишлар сабаб бўлади",– дейди шифокор.

Унинг таъкидлашича, касаллик белгиларида боланинг инжиқлашиши ҳам намоён бўлади.

"Катта ёшли бола бу касалликда қорнидаги оғриқдан шикоят қилади, иситма кўтарилади, қайт қилади, қабзият кузатилади. Оғриқ дастлаб қоринни бутунлай қамраб олади, сўнг ўнг ёнбош соҳасига ўтади ва доимий кузатилади. Бола одатда чалқанчасига ёки ўнг ёнбоши билан ётади. Боиси, бунда оғриқ бироз сусаяди, бироқ ҳар қандай ҳаракат оғриқни зўрайтираверади. Вақт ўтиб, оғриқ бироз пасаяди, лекин йўқолмайди. Қорин пайпаслаб кўрилганда ўнг ёнбош соҳасида кучли оғриқ сезилади, қорин мушаклари таранглашган бўлади.  Аппендицитда гўдак бола безовта бўлади, инжиқ бўлиб қолади. Уйқуси бузилади, қайт қилади, иситмаси 38-39 даражага кўтарилади. Боланиннг ўнг ёнбоши пайпасланганда чўчиб уйғонади ёки оғриқдан йиғлайди",–дейди Нозим Ўрмонов.

Шунингдек шифокор мазкур касаллик турларига ҳам тўхталиб ўтди.

"Уларда бу касалликнинг икки – оддий ёки катарал ва деструктив тури учрайди. Деструктив аппендицит ўз навбатида флегмонали ҳамда гангренали ўткир кўричакка бўлинади.  Деструктив аппендицит кўринишларидан бири шуки, у тешилади ва перитонит – қорин пардасининг яллиғланишига сабаб бўлади. Баъзида чувалчангсимон ўсимта атрофида йирингдон пайдо бўлиши ҳам мумкин",– дейди болалар бош хирурги.

Унинг таъкидлашича, ўткир аппендицит катталарга қараганда болаларда кучли ва тез ўтади. Яъни, 6-12 соат ўтмасиданоқ, аппендикс девори чириб, ёрилиши ва қорин бўшлиғига йиринг тарқалиб кетиши мумкин. Шу боис, ота-оналар фарзандининг қорин соҳасидаги оғриқларига асло беэътибор бўлмасликлари маслахат берилади. Айрим ота-оналар боладаги қорин оғириғи билан кечувчи хирургик хасталикларда шифокорга мурожаат қилмасдан, беморни уйда сақлаб, оғриқни қолдириш учун қоринга иссиқ жисмлар қўйишга, ични юритувчи ва оғриқни қолдирувчи дори воситаларини ичиришга, ҳуқна қилишга ҳаракат қилишади. Бироқ яллиғланиш жараёни тўхтамагани учун бироздан сўнг оғриқ яна авжига чиқади, дейди шифокор, қорин деворлари таранглашиб, нафас олиш қийинлашишини айтиб.

Унинг сўзларига кўра, бу вақтда юрак тез ёра бошлайди. Бунда болани зудлик билан шифохонага олиб бориб, операция қилиш кераклиги айтилади.

Шарҳлар