27 сентябрь куни Бутунжаҳон сайёҳлик кунига бағишланган тантанали оқшом бўлиб ўтди. Тантанали кечанинг меҳмонлари вазирлик ва идоралар, дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотлар – БМТ, БМТ Тараққиёт дастури, USAID, YUNICEF, YUNESKO, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхоналари, шунингдек, таниқли санъаткорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни тантанали равишда Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди, дея хабар берди Darakchi.uz мухбирлари.
"Ишончимиз комилки, бу каби тадбирлар туризм соҳасини ривожлантириш, юртимизга хорижий сайёҳларни жалб қилиш ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари эътиборини жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади, шунингдек, Ўзбекистоннинг энг жозибали ва хавфсиз сайёҳлик йўналишларидан бири сифатидаги нуфузи янада ошириш йўлида хизмат қилади.
Шундай экан, бугунги қутлуғ сана билан туризм соҳаси ҳамда унга алоқадор бўлган йўналишларда фаолият юритувчи сиз азизларни чин дилдан табриклаймиз,–дейди вазир.
Тадбирда қайд этилишича, Туризм соҳасидаги ютуқларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори билан Туризм сектори вакилларини мукофотлаш тартиби тўғрисидаги низоми – "Туризм фидойиси" тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари, жамоат ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар ходимлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек чет элдаги ватандошлар хизматлари ва фаол тарғибот ишлари учун кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тантанали оқшом доирасида "Туризм фидойиси" лауреатларига кўкрак белгиси мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтган.