my5
Sevimli

Ижтимоий тармоқларда болалар ўртасида тарқалган номаълум вирус ҳақидаги гапларга ССВ ойдинлик киритди

ЖАМИЯТ 28.09.2021, 19:18
Ижтимоий тармоқларда болалар ўртасида тарқалган номаълум вирус ҳақидаги гапларга ССВ ойдинлик киритди

Бугун ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда пойтахтимизда болалар ўртасида юқори нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ номаълум юқумли касаллик тарқалаётгани, “Тез ёрдам” хизматига болаларда иситма кўтарилиши билан боғлиқ чақирувлар сони кескин ортгани, шу боис, бу қандай касаллик эканини аниқлаш ҳамда пойтахт умумтаълим мактаблари ва болалар мактабгача таълим муассасаларини 10 кун муддатга карантинга ёпиш лозимлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Бу эса одамлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Аввало шуни айтиш керакки, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаган ушбу шахс тиббиёт ходими эканлигини эътиборга олсак, соҳада белгиланган тартибга мувофиқ, шифокор ўз амалиётидаги хулоса ва фикрларини “Тез ёрдам” хизматининг навбатчи бригадаси бошлиғи ёки муассасанинг масъул раҳбарига ҳамда тизимнинг мутасадди экспертларига билдириши лозим. Агар унинг фикри чиндан ҳам асосли бўлса, муаммони ечиш бўйича ўрнатилган тартибда қарор қабул қилинади ва ижрога йўналтирилади.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда вазирлик номига “Бу қандай касаллик?” – дея мурожаат йўллаш орқали кенг омманинг фикрини нотўғри шакллантириш, аҳоли ўртасида асоссиз ваҳима ва безовталикни қўзғашга сабаб бўлувчи бундай чиқиш мутахассисдан катта масъулият талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу тиббиёт ходимининг бундай позицияси соҳада ўрнатилган тартиб ва касб этикасига умуман зиддир.

Аслида  ҳар йили куз ва қиш фасли грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари авж оладиган палла ҳисобланади. Шу боис, бу йил ҳам айни шу мавсумда юртимизда нафақат болалар, балки катталар  ўртасида ҳам  йилнинг бошқа даврларига нисбатан грипп ва ЎРВИ хасталиклари нисбатан кўпроқ кузатилади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-марказига сўнгги ўн кунда (18 – 27 сентябрь) жами 41 минг 986 та чақирув келиб тушиб, шундан болаларда тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, бош оғриғи, бурун битиши каби қатор касаллик  белгилари  билан 10 мингдан зиёд  мурожаат қайд этилган.

Айни кунларда шифохоналарга ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари белгилари билан ётқизилаётган бемор болаларнинг аксариятида тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, аксириш каби мавсумий ЎРВИга хос белгилар кузатилаётган бўлиб, ушбу беморларга нисбатан вирусга қарши ва антибактериал даво муолажалари олиб борилгандан сўнг, деярли барчаси 3-4 кундан кейин касалликдан соғайиши кузатилмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда пойтахт шифохоналарига ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари билан ётқизилаётган барча болалардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест таҳлиллари олиниб, касалликка қарши текширилмоқда, бироқ уларнинг деярли барчасида касаллик аниқланаётгани йўқ. Ваҳоланки, сўнгги ҳафталарда юртимизда коронавирус касаллигининг умумий статистикасида ҳам пасайиш кузатилмоқда. Бундан кўриш мумкинки, ушбу касаллик COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ эмас.

— Шуни айтиш лозимки, соҳа мутахассислари томонидан доимгидек бу йил ҳам тана ҳарорати кўтарилиши билан шифохонага мурожаат қилаётган болалар текширувдан ўтказилганда уларда ҳеч қандай номаълум вирус аниқланмагани, касалликни оддий ўткир респиратор вирусли инфекциялар қўзғатаётгани маълум бўлмоқда, — дейди Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат АТАБЕКОВ. — Шундай экан мавсумий касалликдан фожеа ясаш, шусиз ҳам бугунги мураккаб пандемик шароитида яшаётган одамлар орасида асоссиз ваҳима уйғотиш яхши ҳолат эмас, деб ўйлайман.

Қолаверса, ҳар йили тиббиёт ходимлари куз мавсуми бошланиши вақтида аҳолидан грипп касаллигига қарши эмланишни тавсия қилади. Чунки грипп касаллиги танада кўпроқ асоратлар қолдириши билан хавфли ҳисобланади. Бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялар эса танада деярли салбий ўзгаришлар қолдирмайди. Шунингдек, гриппга қарши эмланиш орқали инсонда “чорраҳа иммунитети” шаклланиб, бу бошқа ЎРВИ касалликларига қарши ҳам муҳим ҳимоя ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йил сентябрь ойи бошидан буён юртимизда мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалишини тўлиқ назоратга олган ва касаликка чалинган барча болалар тўлиқ шифокорлар назоратида.

Шундай экан, мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ. Қолаверса, юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли нотўғри  хабарларга ишонмаслик ҳамда ваҳимага тушмасликларини, агар фарзандингизда тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, аксириш каби белгилар кузатилса, оилавий шифокорга мурожаат қилишларини сўраймиз.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси