Ярашиш таклифига рад жавобини олган каттақўрғонлик фуқаро турмуш ўртоғи ва қайнакасини пичоқлаб, ўлимига сабаб бўлди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпулатов "Даракчи"га хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан қарздор А.Б. қарамоғидаги икки нафар фарзандини турмуш ўртоғи З.Б. тарбиясига олиб бериши белгиланган.
Ижро ҳужжати бўйича жавобгар ҳисобланган А.Б. 28 сентябрь куни давлат ижрочиси Ф.Б.га бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, болаларни турмуш ўртоғи даъвогар З.Б. га ихтиёрий равишда топширишини ва у билан ярашишга қарор қилганини билдириб, хонадонига давлат ижрочилари ҳамда турмуш ўртоғини таклиф этади.
Манзилга давлат ижрочилари ҳамда З.Б. ҳам етиб келгач, қарздор А.Б. у билан бирга яшашни таклиф қилган, лекин З.Б. бу таклифни рад этади.
Шунда, А.Б. жанжал кўтариб, хонадонидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, З.Б. ни чап сон ва ўнг қовурға соҳаларига тан жароҳати етказган.
Кейин эса, А.Б. жанжал вақтида, тинчлантиришга ҳаракат қилган фуқаро З.Б. нинг акаси Т.Н. ни ҳам ошхона пичоғи билан қорин, қовурға, елка, кафт ва кўкрак соҳаларига санчиб жароҳат етказган.
Натижада З.Б. ва Т.Н. лар Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, Т.Н. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми ва 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Б. гумонланувчи тариқасида ушланган.