Бугунги кунга қадар республикамизда 6.551 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улардан 1.682 таси ўлим билан тугаган. Жароҳат олганлар сони эса 5.920 тани ташкил этади. Йўл транспорт ҳодисаларининг деярли 40% тезликни меъёридан ошириш натижасидир. Ушбу маълумотни тақдим этган ИИВ Матбуот котиби мазкур аянчли ҳодисалар ортидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўринсиз изоҳлар ҳақида сўз юритди.
"Юқоридаги расмларда ўлим билан якунланган йўл транспорт ҳодисалари тасвирланган. Уларнинг барчаси тезликни ошириш оқибати.
Айрим ижтимоий тармоқ фаолларидан, бу мавзуда фикрларини ёзишда «адолатсизлик», «шармандалик» каби терминларни ишлатишдан олдин, яхшилаб ўйлаб кўришларини сўраймиз.
Яқин кунларда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида юз берган журналистнинг ўлими ҳам бизлар учун дарс бўлиши лозим.
Сўз эркинлигини – сўз ўйинларига айлантирманг", - дейди Ғиёсов.
Матбуот котибининг маълумотлари асосида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов ҳам бу борада ўз мулоҳазаларини билдирди.
"Бу ўлимлар сони воқеа жойида ҳалок бўлиб, Ички ишлар вазирлиги ҳисоботига киритилгани. Яна қанча одамлар шифохонада вафот этади. Уларнинг сони ва ҳисобини эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги юритади. Яна минглаб инсонлар бир умрга ногирон бўлиб қолганини ҳам ҳисобга олсак, аҳвол қай даражада даҳшатлигини тасаввур қилаверинг.
Автомактаблар соққа қилиш билан овора. Ўқитиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Амалий дарслар чала-чулпа ўтилади. Бензинга пул, дарсга қатнашмаслик пул, имтиҳон пул. Натижада ҳар ойда йўлга минглаб "потенциал қотиллар" чиқарилади. Жамоатчиликни эса асосан монополия ташвишга солади. Қани бу танқидчилар, "Автотест"нинг йўқ бўлиб кетиши тарафдорлари? "Автотест" йўқ энди. Энди нега жимсизлар? Ҳар ҳолда энг кучли ва сифатли ўқитадиган мактаб эди. Бозор тамойиллари ва рақобат соғлом бозорда бўлиши керак. Сен белгиланган соатларни тўлиқ ўқитиб, бир томчи бензинни уриб қолмасдан машинада амалий дарсларни соат соатигача ўтсангу, бошқалар номигагина дарс ўтиб, арзон нарх белгилаб, правани сотиб ўтирса, шуми соғлом бозор? Монополия деб уввос солди кўпчилик. Мана, хоҳлаган ташкилотга ўқитишга рухсат берилди. Энди ҳаммаси пул, ўқитиш ноль, имтиҳонлар пул, лекин жамоатчилик жим. Тушунмайман сабабини. Хуллас..."- дея ёзиб қолдирган Алламжонов.