Шавкат Мирзиёев айни дамда Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. ЎзЛиДеПдан президентликка номзод сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувда ўз нутқини Қашқадарё вилоятининг тарихини эслашдан бошлади, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
“Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир. 2700 йиллик тарихга эга Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари билан бутун халқимиз фахрланади. Ўрта асрларда Насаф, яъни бугунги Қарши Ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшгани учун “Мадина” деган олий мақомга сазовор бўлган”, - деди у.
Маъулмот учун: бундай юксак мақомга Ислом оламида фақат 8 та шаҳар лойиқ кўрилган.
Хорижликларни лол қолдирган Оқсарой
Шавкат Мирзиёев “илм ва дин қуббаси” номини олган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат каби меъморий обидалар, Темурийлар Ренессанси даврининг буюк намуналари сифатида, беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб: “Испания Қироллигидан Амир Темур бобомиз ҳузурига элчи бўлиб келган Клавихонинг: “Парижнинг энг нозик дидли зодагонлари ҳам Оқсаройни кўрганида ҳайратдан лол қолар эди”, деган сўзлари ҳам, фикримизни тасдиқлайди”, - деди.
Шунингдек, у бундан минг йил олдин жаҳолатга берилган кимсаларни ўз асарлари орқали тўғри йўлга бошлаган буюк ватандошимиз Абу Муин Насафий шарафига Қарши туманида муҳташам ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганидан хурсанд эканлигини айтди ва қуйидаги таклифларни ҳам берди:
- Яккабоғ туманидаги Соҳибқирон Амир Темур туғилган Хўжа Илғор қишлоғини ободонлаштириб, замонавий инфратузилмалар яратиш;
- Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этиш;
- турли даврларда Насаф шаҳрида яшаб фаолият кўрсатган
400 нафардан зиёд исломшунос олимларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларини бугунги тилимизда, кенг жамоатчиликка тушунарли қилиб нашр этиш, шулар жумласидандир.






