Бухоро вилоятига сайловолди ташвиқот мақсадида ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоятдаги сайловчилар билан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. ЎзЛиДеПдан президентликка номзод ўз маърузаси аввалида кўҳна Бухоронинг тарихи, салоҳияти ва сиймоларини ёдга олди, дея йиғилишдан хабар қилмоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
“Ҳаммамиз яхши биламиз, кўҳна ва боқий Бухоро инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Бу қутлуғ диёрда ўтмишда 400 га яқин мадраса, жумладан, 33 та олий мадраса, яъни, олий ўқув юрти фаолият юритгани бугун ҳам одамни ҳайратга солади. Бухоро – Имом Бухорийдек буюк ҳадисшунос олимлар, Муҳаммад Наршахийдек улуғ тарихчилар, Ибн Синодек тиббиёт илмининг пири бўлган тенгсиз алломалар, қадри баланд инсонлар юрти. Бухоро – “етти пир” номи билан маълум ва машҳур бўлган азиз-авлиёлар хоки поклари ётган муқаддас заминдир”, деди амалдаги президент.
Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев биринчи ва иккинчи Ренессанс равнақига мислсиз ҳисса қўшган Бухоронинг уч мингдан зиёд алломалари ва уларнинг бебаҳо меросини бугунги авлодга етказиш мақсадида ўзининг бир нечта таклифларини ҳам берди.
Улар орасидан:
- “Бухоронинг буюк алломалари мероси” номли кўп жилдли китоблар туркумини нашр этиш;
- илм-фаннинг турли соҳаларида 400 дан зиёд нодир асарлар ёзган аллома Абу Али ибн Синонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида, “Абу Али ибн Сино ва Шарқ Ренессанси” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш анъанасини йўлга қўйиш;
- Бухоро шаҳрида ташкил этилган ёдгорлик мажмуасини “Файзулла Хўжаев уй-музейи” деб қайта номлаб, унинг янги экспозициясини яратиш;
- Бухоро шаҳрида Абдурауф Фитрат номидаги ўзбек тили ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ижод мактабини барпо этиш каби ташаббуслар ўрин эгаллади.
“Ўтган асрнинг 20-йилларида туркистонлик 70 нафар йигит-қизни Германияга ўқишга юборишда бу улуғ сиймонинг қандай катта роль ўйнаганини сизлар албатта яхши биласиз. Фитрат чет элга жўнаб кетаётган талабаларни Самарқанддаги Амир Темур мақбараси олдида Ватан манфаатларига содиқ бўлиш ҳақида қасамёд қилдиради. Қаранг, қандай ватанпарварлик, фидойилик намунаси бу!”, - деди у.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг устози, юртимизда ислом ҳуқуқшунослиги фанига асос солган буюк аллома Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳазратларининг муборак номини абадийлаштириш, илмий меросини халқимизга етказиш мақсадида 2023 йилда унинг таваллудига 1255 йил тўлиши муносабати билан ушбу санани муносиб нишонлаш бўйича махсус қарор қабул қилишини ҳам маълум қилди.






