Миллий матбуот марказида “Туронбанк” АТБ мутахассислари янги ташкил этилган банк хизматлари хусусида журналистларга маълумот беришди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири Мафтуна Жўраева.
Даставвал, Чакана хизматлар кўрсатиш департаменти директори ўринбосари Элдор Вахабов сўзга чиқиб ҳозирга қадар банк томонидан жорий қилинган инновацион, боз устига ҳали Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган хизматларга тўхталди.
“Бугунги глобаллашув жараёнларини инобатга олган ҳолда Туронбанк доим энг сўнгги технологияларга асосланган хизматларни ўз фаолиятида жорий этиб, мижозлар учун янгиликлар тақдим этишдан чарчамайди. Биргина, пластик карточкалар йўналишини олсак. Бугунги кунда банкимиз “Humo”, “UzCard”, “Mastercard Standart” ва “Mastercard Gold” сингири маҳаллий ва халқаро пластик карточкаларни муомалага чиқарган. Яқинда яна 2 та янги кобейдж ва кобрендинг туридаги замонавий карталарни ҳам эмиссия қилишни бошладик. Хусусан, янги кобейджинг картамиз Россиянинг “МИР” тўлов тизими билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистонда “UzCard” яъни сўм, Россияда эса “МИР” яъни рублда ишлайди. Маблағлар автоматик тарзда айирбошланади ва ўзингиз билан нақд пул олиб юришингизнинг ҳожати йўқ. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бир карта билан Ўзбекистонда ҳар қандай тўловларни амалга ошириб, банкоматлардан пул ечса бўлади, Россияга борганда эса бу карта “МИР”га айланади ва худда шу амалиётларни эркин бажариш мумкин бўлади. Қолаверса, мазкур карталарни исталган Ўзбекистондаги мобил иловаларга улаб ишлатиш, “Uzcard-МИР” карталарига пул ўтказмаларини жўнатиш ҳам мумкин.
Бундан ташқари, октябрь ойида “Туронбанк” АТБ, “Mastercard” ва “Tourist.uz” компаниялари ўртасида янги кобрендинг картасини ҳам йўлга қўйиш арафасида турибмиз. Мазкур картанинг афзалиги шундаки, чет элга сайёхат қилаётган мижозларимизга чет эл сайёхатида турли хил чегирмалар таклиф этиб, нақдсиз тўловларни ривожлантиришга ҳисса қўшади", - деди мутахассис.