1958 йилда совет геофизиклари Юрий Мордвинцев ва Пётр Храмишкинлар томонидан очилган, 1969 йилдан саноат усулида олтин қазиб олиш бошланган "Мурунтов" кони 2020 йилда олтин қазиб олиниши бўйича конлар рейтингида 1-ўриндан жой олган. Ушбу кон стратегик объект сифатида қаттиқ тартибда қўриқланиб келинади. Унга қизиқиш юқори бўлгани учун кон ҳудудида саноат туризми ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Навоий вилоятига ташкил қилинган инфотурда маълум қилинди.
"Навоий вилояти саноатлашган ҳудуд бўлиб, саноат корхоналари вилоятнинг драйвери ҳисобланади. Навоий кон-металлургия корхоналарининг олтин конлари мавжуд. Шу пайтгача ушбу конларга бирорта инсонга, ҳатто раҳбарларга ҳам киришга рухсат берилмаган. Биз туризмда янги йўналиш - саноат туризмини йўлга қўйиш бўйича кон-металлургия комбинати билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу эса кўплаб сайёҳларнинг Навоийга қизиқишини орттиради", дейди вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Саъдулла Мирзаев.
Унинг айтишича, "Мурунтов" кони бу ердаги йирик конлардан бири бўлиб, унга юртдошларимиз ва туристлар томонидан қизиқиш катта. Шу сабабли мазкур кон ҳудудида суратга олиш, селфига тушиш, юқоридан олтин қазиб олиш жараёнларини томоша қилиш ҳудудларини ташкил қилиш режада бор.
"Олтин конига саёҳатни 2022 йилнинг иккинчи яримйиллигидан бошлаб йўлга қўйишни режалаштирганмиз", дейди Саъдулла Мирзаев.
Масъулнинг қўшимча қилишича, вилоятдаги Айдаркўл ва Тўдакўл соҳилларида пляж туризми, қолаверса, чўлларда саҳро туризми ҳам йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ва бошқа бир нечта шаҳар ва туманларда туризм кўчаларини ташкил этиш режалари ҳам келгуси йил дастурига киритилган.
Сардорбек Раҳмонқулов
Тошкент-Навоий-Тошкент