my5
Sevimli

«Ўткан кунлар» романини инглиз тилига ўгирган Марк Ризга ваъда қилинган гонорар тўлаб берилди

ЖАМИЯТ 20.10.2021, 21:26
«Ўткан кунлар» романини инглиз тилига ўгирган Марк Ризга ваъда қилинган гонорар тўлаб берилди

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига ўгирган Марк Ризга ваъда қилинган гонорар тўлаб берилди. Бу ҳақда у Twitter’да маълум қилди, дея хабар бермоқда Дарё.

«Менга юқори мартабали амалдорлар мурожаат қилди ва муаммо ҳал қилиб берилди. Муаммо шундаки, ходимлар бу жараённи Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаган шахс билан қандай расмийлаштиришни билмаган ва бу иш беш ойга чўзилган. Муаммони ҳал қилиб бергани учун ҳукуматга раҳмат!», — деб ёзади Марк Риз.

Маълумот учун, Марк Риз Шавкат Мирзиёев номидан ваъда қилинган пул мукофоти 5 ойдан бери тўланмаганини маълум қилиб, Президентга мурожаат қилган эди.

Маркнинг ёзишича, Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий унинг бу ишга алоқадор бўлмаган дўсти билан боғланиб, гонорардан воз кечишни сўраган.

«Май ойида Тошкентдан кетишимдан бир кун олдин ҳукуматингиз аъзоси — Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий ва ишимга алоқадор бўлмаган дўстим билан боғланиб: «Мен Президент Мирзиёев билан етти дақиқадан сўнг учрашаман ва у Маркка ташрифи вақтида қанча гонорар тўлаганимизни билмоқчи. Биз Маркка пул бермадик. У буни кечириб, унута оладими, деганди», — дея Ёзувчилар уюшмаси вакилининг сўзларини келтиради америкалик таржимон.

«Унга сиз мендан Мирзиёевга ёлғон гапиришимни сўраяпсизми? Боринг, чойингизни ичинг, деб жавоб бердим. Бу жавобдан сўнг ходимингиз дўстимга таҳдид қилди… Мен воқеа бундай тус олганидан ҳайратландим. Бундан бир кун олдин жаноб Султонов (президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов — таҳр.) билан кўришган эдим, унга ўз таклифимни бердим ва унинг юқори даражадаги профессионал эканлигига ишонч ҳосил қилдим», — деб қайд этган тадқиқотчи.

Марк Риз ушбу вазият «юқори раҳбариятнинг саъй-ҳаракатлари коррупцияга ботган ўртакашларнинг ҳаракатлари билан пучга чиқарилишини» акс эттиради, деган хулосага келган.

Унинг ёзишича, АҚШга қайтганидан сўнг у Ёзувчилар уюшмаси ходимлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти вакиллари иштирокидаги Zoom учрашувига таклиф қилинган. Учрашувда унга гонорар берилиши ва у таржима қилган 1000 та китоб сотиб олиниши маълум қилинган. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида йилига 20 минг доллар эвазига иш ҳам таклиф қилинган.

«Бу таклифни рад этишимга тўғри келди, чунки бу маошга ишлай олмасдим. Инглиз тилини ўрганишлари учун ўзим тўлашимга тўғри келарди», — деб таъкидлаган у.

Марк Ризнинг айтишича, ушбу қўнғироқ вақтида Ўзбекистон томонидан дўстига таҳдид қилган ва унга гонорарни «унутиш ва кечиришни» таклиф қилган Ёзувчилар уюшмаси ходими ҳам иштирок этган.

«Менга ўғлим билан Тошкентга кўчиб бориб, ўз хавфсизлигимни мендан ёлғон гапиришни сўраган, кейин дўстимга таҳдид қилган кишига ишониб топшириш ғояси ёқмади. Айнан ўша шахс гонорарни тақсимлаш ва китобларни сотиб олишга масъул бўлган», — деб ёзади у Президентга қилган мурожаатида.

«Сизга маълумки, сўнгги уч йилда ўнлаб интервьюлар бердим, Алишер Навоий номидаги университетда онлайн дарс ўтдим ва бу вақт давомида деярли барча сафарларни ўз ҳисобимдан амалга оширдим. Ҳафсалам пир бўлди, аммо Ўзбекистондаги одамлар мени давом этишга руҳлантирди. Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз менга туртки берди. Ўзбекистонда ҳалол одамлар ноҳақлардан кўпроқ. Бироқ бир ёки икки киши ислоҳотларингизга осонгина путур етказиши ва боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин. Воситачиларнинг коррупцияси жаноб Султонов — профессионалга путур етказади, энг ачинарлиси, сизнинг Ўзбекистон келажагини қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни барбод қилиши мумкин», — деб таъкидлаган таржимон.

«Бу ислоҳотлар чиппакка чиқмаслиги лозим. Администрациянгиздаги ҳалол инсонларга муваффақиятга эришиш имконияти берилиши керак», — деб ёзган Марк Риз ва коррупцияга ботган кишиларни тўхтатиш учун ушбу баёнотни беришни ўзига лозим деб топганини қўшимча қилган.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси